Ўзбекистон Суперкубоги ғолиби аниқланади
Бугун Андижон шаҳридаги “Бобур Арена” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги ўтказилади. Унда Суперлиганинг амалдаги чемпиони "Нефтчи" мамлакат кубоги соҳиби "Пахтакор" билан рақобатлашади. Ўйин соат 19:30 да старт олади.
Учрашувни бош ҳакам сифатида Темур Тўхтасинов бошқариб боради. Унга қанотларда Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов ёрдам беради, захира ҳаками Ғайрат Жўраевдир. VAR бўйича Абдурашид Худойберганов тайинланди. AVAR бўйича Акобирхўжа Шукуруллаев ишлайди.
Маълумот учун, Суперкубок тарихида энг кўп иштирок этган жамоа — Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ҳисобланади. Улар жами 7 марта бош соврин учун майдонга тушган. Жумладан, пойтахт жамоаси илк бора 1999 йил "Навбаҳор", 2015 йил "Локомотив", 2016, 2023 ва 2024 йил "Насаф"га тўқнаш келиб имкониятни бой берган бўлса, кетма-кет икки бор "Насаф" устидан 2021 ва 2022 йилларда ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритган. Таъкидлаш лозимки, "Пахтакор" учун бу сафарги Суперкубок саккизинчиси бўлади. "Нефтчи" эса унда илк бор иштирок этмоқда.

Дарвоқе, иштироклар сони бўйича “Пахтакор”дан сўнг, кейинги ўринларда "Насаф" ва "Локомотив" жамоалари жой олган. Хусусан, Қарши клуби Суперкубокда 6 марта, "темирйўлчилар" эса 3 марта қатнашган.
Шунингдек, "Навбаҳор", "Андижон", ОКМК ва "Бунёдкор" бир марта қатнашишга муяссар бўлган.
Суперкубокнинг амалдаги ғолиби Қаршининг "Насаф" клуби ҳисобланади. Қаршиликлар ўтган йилги мавсумда "Андижон" устидан 1:0 ҳисобида зафар қучган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА