Ўзбекистон–Швеция ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Швеция Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Данестад Томас ҳамда Швеция Миллий савдо кенгаши (Kommerskollegium)нинг халқаро савдо сиёсати бўйича катта маслаҳатчиси Берг Кристоффер иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ва бозор назорати соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ҳамда инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, малакали кадрлар тайёрлаш, техник кўмак ва грант маблағларини жалб этиш, илғор халқаро тажрибани жорий қилиш ҳамда техник регламентларни такомиллаштириш масалалари муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Европа Иттифоқи билан шериклик муносабатларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошираётгани қайд этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14–15 апрель кунлари Швеция Миллий савдо кенгашининг техник кўмаги асосида халқаро амалиёт ва техник жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари бўйича техник регламентларни қайта кўриб чиқишга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилгани эътироф этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонни Марказий Осиёда метрология соҳасининг етакчи марказларидан бирига айлантириш мақсадида Ўзбекистон Миллий метрология институти томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, миллий эталонлар базасини кенгайтириш, халқаро интеграцияни кучайтириш ва соҳани рақамлаштириш борасидаги ташаббуслар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо мамлакатлар бозорларига чиқишда стандартларнинг аҳамияти, миллий қонунчиликни ЖСТ талаблари билан уйғунлаштириш, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Швеция Миллий савдо кенгаши ҳамда Европа Иттифоқининг техник кўмак ва грант дастурлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида Швеция делегацияси Агентликнинг Ситуацион таҳлил маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, соҳада рақамли ечимларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган ташаббус ва лойиҳаларни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тажриба алмашишни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА