19 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи  ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошлашди.

Қонунни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ушбу зарурат янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши, унинг қоидалари бир хилда қўлланилиши учун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини унга мувофиқлаштиришдан келиб чиқмоқда.

Мазкур қонунда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳокимлар лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги сабабли 9 та кодекс ва 69 та қонун қайта кўриб чиқилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ваколатлар маҳаллий вакиллик ва ижро органлари ўртасида ихтисослаштириш назарда тутилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифалари кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким тамойили асосида вакиллик ҳамда ижро органлари ўртасида аниқ тақсимланаётганлиги, маҳаллий Кенгаш ва ҳокимликларнинг фаолиятига хос бўлмаган ҳамда республика ижро этувчи органлар ваколатларига оид такрорланувчи 8 та вазифа бекор қилинаётганлиги муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан таъкидланди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг кейинги босқичи амалга оширилишига, Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделининг тўлиқ амалга ошишига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди. 

Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратини такомиллаштириш борасида кенг кўламли чоралар кўрилмоқда. Бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилиб, бу борада яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кучайтириш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати ҳам мавжуд.

Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини ҳамда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Хусусан, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси тўлдирилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг ҳамда аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олди олиниши муносабати билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун ёнғинларнинг олдини олишга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чоралари янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

[gallery-26822]

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

Шунингдек, ўн иккинчи ялпи мажлисда “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилмоқда. 

Хусусан, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида совуқ қуролни олиб юриш ҳуқуқбузарлигини бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 1261-моддасининг тўртинчи – саккизинчи қисмларида назарда тутилган оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик судланганларга судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ёхуд амнистия акти қўлланилганлигидан кейин ўн йил давомида рухсатнома бермасликка сабаб бўлади. Агар ҳуқуқбузарда ўқотар қурол мавжуд бўлса, ушбу ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларни олиб қўйилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ичкиликка ружу қўйган шахсларни мажбурий даволанишга юбориш учун бир йил мобайнида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортиш эмас, балки бир йил давомида бир марта маъмурий жавобгарликка тортилганлик асос бўлиши белгиланмоқда.

Бунда шахсни мажбурий даволанишга муҳтож деб топиш ваколатини олис ҳудудларда ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссияларга ҳам бериш, шунингдек, наркологик экспертизаларни ўтказиш учун ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссия тузиладиган олис ҳудудлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича жойларда профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун маъқулланди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда давлат органларининг масъулиятини ошириш, ихчам бошқарув тизимини шакллантириш, давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш жараёнини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳамда уларнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқларининг муҳофазасини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, охирги уч йилда Ўзбекистонда товар белгиларини рўйхатдан ўтказишга бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда 3 155 та гувоҳнома берилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даврида 4 484 тага етган.

Шуларни инобатга олиб, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга  киритилаётган қўшимчага асосан товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши ҳуқуқ эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда, ҳуқуқ эгаси бўлган жисмоний шахс вафот этиб, унинг васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлари мавжуд бўлмаганда манфаатдор шахснинг аризасига биноан суд қарори асосида муддатидан олдин тугатилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида қонунчиликка киритилаётган янги нормалар интеллектуал фаолият натижаларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, улар ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишининг олдини олишга хамда давлат харидларини амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

Муҳокама якунида қонун маъқулланди.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, айрим турдаги атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда келиб чиқадиган оқибат миқдорига нисбатан номутаносиблиги учун ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда.

Қонун билан қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахслар ифлослантирувчи манбаларда ўрнатиладиган автоматик мониторинг станциялари маълумотларини Атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига реал вақт режимида киритиши мажбурийлиги қайд этилмоқда. 

Шунингдек, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунда фуқаролар белгиланмаган жойга ташлаган чиқиндисини олиб чиқиб кетиши ёки қонунчиликда белгиланган тартибда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаб бериши шартлиги назарда тутилмоқда. 

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтиш учун рухсатнома бериш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.

Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини бузганлик, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантирганлик, нобуд қилганлик учун жиноий жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, аҳоли пунктларидаги ирригация тизимларини кўмиб ташлаганлик, кўп квартирали уйга туташ тупроқли ва яшил қопламали ер участкасини ўзбошимчалик билан бетонлаштириш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга, биологик хилма-хилликни асрашга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига хизмат қилади.

Муҳокама сўнггида қонун маъқулланди.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга, аҳолини сифатли ва хавфсизлиги кафолатланган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Ер кодексига ер участкасини ижарага олиш шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат беришни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Шунингдек, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга фермер хўжалиги раҳбари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинганда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига бериши мумкинлиги белгиланмоқда.

Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда товарлар ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ёки реализация қилинишига қонунга хилоф равишда аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик  назарда тутилмоқда.

Шунингдек, дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга “Ватандош” картаси эгаларининг оила аъзолари учун амалдаги виза муддатини кўп марталик виза этиб узайтирганлик ҳамда “Ватандош” картаси эгаси ва унинг оила аъзолари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлик, шунингдек, рўйхатдан ўтказилганлик муддати узайтирилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришга замин яратади. Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация этиш талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш мақсадларига ҳам эришилади.

Сенаторлар мазкур қонунни маъқуллади.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги уй-жой сиёсатини изчил амалга оширишни мураккаблаштириб, ўз навбатида, соҳадаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни ҳамда тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида назарда тутилган ва бир-бирини такрорлайдиган айрим нормалар ўзаро зид бўлиб, ҳуқуқни қўллаш жараёнида турли низоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, Кодекснинг 7-моддасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунда эса ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясига берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 августдаги ПФ-151-сонли фармонига асосан Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Кодекснинг 7-моддасида белгиланган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Кодекснинг 30-моддасида турар жойни мулкдорлар билан тузиладиган шартнома асосида бузиш ва ўрнида янги бино қуриш тартиби белгиланган бўлса, 36-моддасида ҳам турар жойларни бузиш ва уларнинг ўрнида янги турар жойлар қуриш назарда тутилган.

Бир муносабат Кодекснинг 2 та моддасида такрор баён қилинаётганлиги сабабли 30 ва 36-моддаларини мувофиқлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Кодекснинг 40-моддасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож 5 тоифа шахслар кўрсатилган. 

Ушбу тоифаларни белгилашда асос сифатида олинган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилинган.

Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 124-сонли қарори билан Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. 

Ушбу Низомда 5 та тоифадан ташқари уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар ҳам уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобланиши белгиланган.

Бу ўринда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифасини қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.

Сенаторлар ушбу қонунда яна бошқа бир-бирига зид нормалар ҳамда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида қайта ташкил этилган инспекциялар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар қонунни рад этди.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Ушбу қонун Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, иқтисодий ривожланиш, транспорт-коммуникация, инвестиция, энергетика, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Низомда “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида Котибиятнинг вазифалари, механизмлари ва ҳамкорлик йўналишлари белгилаб берилади. Хусусан, Котибият шерик мамлакатлар ўртасида келишувларни мувофиқлаштириш, амалий лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва доимий мулоқот платформасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Низомнинг ратификацияси Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги иштирокини кучайтириб, ҳудудий иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий, транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш, янги коридорлар яратиш ва савдо айланмасини оширишга хизмат қилади.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка оид ташаббусларини амалга оширишда, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги конструктив мулоқот ва амалий шерикликни янада кучайтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолига уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали унинг самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида соҳани тартибга солишга оид 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Бугунги кунда республикамизда 44 280 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, улардаги 1,5 миллиондан ортиқ хонадонларга 971 та бошқарув сервис компанияси ва 241 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ва ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, айрим бошқарув компаниялари томонидан мажбурий бадалларни белгилашда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунга риоя қилмаслиги ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида уй-жой мулкдорларига ўз вақтида ҳисобот бермаслиги мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 

Бундан ташқари, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг розилигисиз уй ертўласи ижарага берилиши, шунингдек, ижарага берилган умумий мол-мулкнинг ижараси тўғрисидаги маълумотлар “Mening uyim” биллинг тизимига бириктирилмагани ҳамда бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама якунида шу каби бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Захидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлаш, адолатли ҳақ тўланиши ва меҳнат муносабатлари шаффофлигини кучайтиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар меҳнат муносабатларини демократик ва инсонпарвар тамойиллар асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 840 та давлат назорати тадбири ўтказилиб, 28 801 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида мансабдор шахсларга 5 715 та ёзма кўрсатма ва 150 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, норасмий бандликни қисқартириш мақсадида 15 180 та корхона хатловдан ўтказилиб, 69,5 минг иш ўрни расмийлаштирилган.

Шу билан бирга, сенаторлар айрим йўналишларда ҳал этилиши зарур бўлган жиддий муаммолар мавжудлигини ҳам таъкидладилар. Жумладан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайгани соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ошишига хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди. Иш жойларида техник хавфсизлик талабларига амал қилинмагани оқибатида 524 та бахтсиз ҳодиса рўй бериб, 806 нафар ходим жабрланган. Улардан 139 нафари ҳалок бўлган, 417 нафари оғир, 250 нафари енгил тан жароҳати олгани ҳолатнинг жиддийлигидан дарак беради.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари сифатида иш берувчилар томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилмагани, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашдаги етишмовчиликлар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилинмагани ва ходимларнинг хавфсизлик маданиятига эътиборсизлиги келтириб ўтилди. Қонунбузарликлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 61 та жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, давлат ташкилотлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашга оид 261 та суд қарори ўз вақтида ижро этилмагани, бу эса аҳоли норозилиги юзага келишига ва Давлат бюджетидан қўшимча харажатларга сабаб бўлгани сенаторлар томонидан қатъий танқид қилинди.

Муҳокама якунида парламент сўрови натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, меҳнат қонунчилиги ижроси ва меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланишини кучайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Сенаторлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори М.Эгамбердиевга юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ҳисобот даврида 4,2 миллионта ижро ҳужжати бўйича қарздорликлар ундирилиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ортган.

Шу даврда жами 29,9 триллион сўм, жумладан, давлат фойдасига 17,9 триллион сўм ундирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий ундирув  2,9 триллион сўмга (11 фоиз), давлатга ундирув эса 7,6 триллион сўмга (73 фоиз) ошган.

Мажбурий ижро соҳасига IT - технологияларини кенг жорий этиш ва ижро жараёнида инсон омилини камайтириш мақсадида “МИБ – Портал” дастури 39 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 68 та ахборот тизимига интеграция қилинган. Соҳани рақамлаштириш натижасида Бюрода 20 тадан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилган ва 95 миллиард сўм маблағлар тежалишига эришилган.

Шу билан бирга, парламент сўровидаги айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётгани қайд этилди.

Жумладан, “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган маблағлар ҳамда уларнинг жамғармага қайтарилиши юзасидан етарлича чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлигини амалда таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар етарли бўлмаганлиги боис, айрим ҳокимликлар, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ва бюджет ташкилотлари томонидан қарздорлик ўз вақтида тўланмасдан қолмоқда.

Сенаторлар соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш, мажбурлов механизмидан фойдаланмаган ҳолда ижро   этиладиган   ҳужжатлар тоифасини янада кенгайтириш каби йўналишларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шариповга талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида кўтарилган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган. 

Хусусан, олий таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан алоҳида “йўл харитаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Жамоатчилик гуруҳи профилактика инспекторлари билан келишган ҳолда талабалар шаҳарчаси ва ётоқхона атрофида 24 соатлик навбатчилик ҳамда патруллик хизматини ташкил этди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб “Ижтимоий фаоллик индекси” жорий этилиб, талабаларнинг маънавий-маърифий ва спорт соҳаларидаги фаоллиги, барча хатти-ҳаракатлари платформа орқали онлайн баҳолаб борилмоқда.

Жорий ўқув йилида “Маърифат улашиб” ҳамда “Адабий – маърифий ҳафталик” лойиҳаларига 280 минг, “Ислоҳотлар билимдони”, “Китобхон”, “Маърифат майдони” каби лойиҳаларга 450 минг талаба қамраб олинди.

Ички туризмни ривожлантириш, тарихий обидалар, маданий мерос объектлари, театр ва музейларга ташрифларини ташкил этиш орқали талабаларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида жорий ўқув йилида ҳам ташриф ва саёҳатлар ташкил этилиб, уларга 1 миллиондан ортиқ талаба-ёшлар жалб этилиши белгиланди.

“Талабалар лигаси”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Универсиада” спорт мусобақаларига қамров – 540 мингга етказилди.

 “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларга 620 минг талаба қамраб олинди.

Олий таълим ташкилотларининг барча бакалавриат таълим йўналишлари учун ўтиладиган “Фалсафа” фанига “Коррупциянинг моҳияти, оқибатлари ва унга қарши курашиш механизмлари”, “Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорлигининг мақсадлари ва йўналишлари” ҳамда бошқа мавзулар киритилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш” махсус ўқув курси дастури асосида барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун жадвал асосида 16 соатлик махсус курс машғулотлари ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Олий таълим муассасалари ётоқхоналарига талабалар кириш-чиқишини мониторинг қилишни рақамлаштириш мақсадида “Face-ID” камера ва турникетлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлса-да, ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаганлиги натижасида айрим олий таълим ташкилотларида ушбу тизим ўрнатилмаган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида талабалар томонидан 487 та жиноят содир этилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 тага ёки 13 фоизга камайган бўлса-да, бугунги кунда олий таълим муассасаларида талабалар билан маънавий-маърифий ишларни олиб бориш ҳамда ота-оналар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли талабалар ўртасидаги жиноятчилик тўлиқ бартараф қилинмаган.

Сенаторлар ёшларга яратилаётган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳамда ёшларнинг жиноят содир этишининг олдини олиш билан бирга жиноятчиликка қарши курашиш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг қабул қилинган қарорига асосан М.Каландарова Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг доимий асосдаги аъзоси – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяси лавозимидан озод этилди. 

Бундан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг мазкур масала юзасидан қабул қилинган қарорига мувофиқ  Маликахон Каландарова судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига, шундан беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – судлов ҳайъати раиси этиб сайланди.

Шунингдек, Аброрхон Акрамов, Джахангир Джураев, Носир Зайнабидинов, Мансурбек Курбанов, Жамоладдин Курязов, Уктам Мамадиев, Шуҳрат Муллажанов, Умида Нишонова ва Одилжон Турдиев ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайланди.

 Бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан О.Исмаилов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимидан, Т.Мирзаев, М. Эшимбетов, Б. Эргашев, шунингдек, ўз аризасига биноан А.Бекманов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 26 та масала, шу жумладан, 19 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати

Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи  ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ