Ўзбекистон кубогида боксчи қизлар сараланди
Урганч шаҳрида бокс бўйича хотин-қизлар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди.
Мусобақа давомида миллий терма жамоа сафидан ўрин олган тажрибали боксчилар ўз маҳорати, тажрибаси ва жисмоний тайёргарлигини намойиш этди. Шу билан бирга, мусобақа янги номлар ва ёрқин чиқишларнинг кашф этилиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги беллашувларида Сабинахон Комилжонова (-46 кг), Нафиса Босимова (-48 кг), Мубинабону Пўлатова (-50 кг), Маржона Худойбердиева (-52 кг) ва Мадинабону Худоёрова (-54 кг) ўз вазн тоифаларида чемпион бўлди.
Шунингдек, Мухлиса Бозорова (-57 кг), Гулойим Кўчқорова (-60 кг), Меҳримоҳ Қиличова (-63 кг), Диёра Бўрибаева (-66 кг), Карина Илмуратова (-70 кг), Лобар Шайманова (-75 кг), Ферузабону Камолова (-80 кг) ҳамда Соҳибахон Худойбердиева (+80 кг) олтин медалларга сазовор бўлди.

Мамлакат кубогининг катталар тоифасидаги беллашувларида эса Фарзона Фозилова (-48 кг), Феруза Казакова (-51 кг), Азиза Ёқубова (-54 кг), Хуморабону Мамажонова (-57 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг), Навбаҳор Ҳамидова (-65 кг), Райҳона Қурбонбоева (-70 кг), Азиза Зокирова (-75 кг), Рухшона Парпиева (-80 кг) ва Олтиной Сотимбоева (+80 кг) чемпионликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида эса Фарғона вилояти ва Хоразм вилояти вакиллари ўртасидаги рақобат алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Фарғона вилояти спортчилари 3 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан жадвалда биринчи ўринни эгаллади. Хоразм вилояти 3 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медаль билан иккинчи поғонадан жой олди.
Баҳодир Жалолов мактаби вакиллари эса 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалга сазовор бўлиб, учинчи ўринни қайд этди.
Ушбу натижалар юртимизда аёллар боксида рақобат муҳити тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Айниқса, ўсмирлар тоифасида янги иқтидорларнинг кашф этилаётгани миллий терма жамоанинг келгуси авлодини шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА