Ўзбекистон - Корея ҳамкорлиги янги бозорларга бирга чиқишга асосланган стратегик шерикликка айланмоқда
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг янги, амалий босқичига кўтарилмоқда.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар хорижий инвестициялар, туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобаназарова шу ҳақда муносабат билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ва бизнес мулоқотлари икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини кўрсатди.
Энг муҳими, Корея билан ҳамкорлик энди фақат инвестиция жалб қилиш ёки алоҳида лойиҳаларни амалга ошириш билан чекланмайди. Ўзбекистон технология, молия, илм-фан, инсон капитали ва ишлаб чиқаришни ягона иқтисодий занжирга бирлаштиришга қаратилган тизимли шериклик моделини шакллантирмоқда.
Хусусан, саноат кооперацияси ва тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини яратиш, мисни чуқур қайта ишлаш, электротехника, автомобилсозлик ва электромобиль саноати учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, робототехника, биотехнология ва фармацевтика каби юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларга эътибор қаратилаётгани муҳим. Бунда ресурсларни экспорт қилишдан кўра, уларни мамлакат ичида қайта ишлаш ва технология ҳамда билимга таянган юқори қўшилган қиймат занжирларини яратиш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини белгилайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон - Корея саноат-технологик альянсини ташкил этиш ташаббуси алоҳида аҳамиятга эга. Бу инвестицияларни технологик трансформация, маҳаллийлаштириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш билан боғлаш имконини беради.
Инфратузилма соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик аҳамият касб этади. Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва Тошкентнинг янги халқаро аэропортини барпо этиш лойиҳалари Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика тизимидаги ўрнини кучайтириш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва янги иқтисодий ҳудудларни шакллантиришга хизмат қилади.
Аэропорт, логистика хаблари ва турар жой инфратузилмасини ягона тизимга бирлаштириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш ғояси ҳам эътиборга лойиқ. Бу алоҳида объектлар эмас, балки ўзаро боғланган яхлит иқтисодий экотизимни шакллантиришга қаратилган ёндашувдир.
Илм-фан, саноат ва технологияларни бирлаштирувчи илмий-саноат биокластери ҳам ана шу ёндашувнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бугунги глобал иқтисодиётда инвестициянинг қиймати нафақат унинг ҳажми, балки мамлакатга қандай билим, технология ва компетенцияларни олиб кириши билан ҳам белгиланади.
Давлатимиз раҳбарининг “Shinhan Financial Group” раҳбарлари билан музокараларида кредит линиялари, “яшил” молиялаштириш, рақамли банкинг ва кичик ҳамда ўрта бизнес учун молиявий ечимларни ривожлантиришга урғу берилгани шу жиҳатдан муҳим. Чунки реал иқтисодиётни ривожлантириш учун инвестициянинг ўзи етарли эмас – замонавий ва узоқ муддатли молиялаштириш инструментлари ҳам зарур. “Shinhan Bank”нинг Ўзбекистонда шуъба банкини ташкил этиш масаласи эса молия бозорида рақобатни кучайтириш ва илғор банк технологияларини жалб қилиш имконини кенгайтиради.
Инвестиция келишувларининг амалий натижаси янги иш ўринлари, маҳаллий корхоналарнинг кооперацияга кириши, технологиялар трансфери, экспорт ҳажмининг ошиши ва ҳудудларнинг ривожланишида намоён бўлиши керак. Шу маънода, Ўзбекистон - Корея ҳамкорлигининг бугунги модели “инвестиция киритувчи ва инвестиция қабул қилувчи” муносабатлардан кенгроқ бўлиб, технология яратиш, ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, инсон капиталини ривожлантириш ва янги бозорларга биргаликда чиқишга асосланган стратегик шерикликка айланмоқда.
Кореянинг технологик тажрибаси ва Ўзбекистоннинг инсон капитали, ресурс ҳамда бозор имкониятлари уйғунлиги ана шу жараён учун мустаҳкам асос яратади. Бугунги келишув ва ташаббуслар Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг инвестиция жалб қилишдан технологик ва инновацион тараққиётни рағбатлантиришга тобора кўпроқ йўналтирилаётганини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизнинг ташқи дунёга очилиши, бозор тамойилларининг қарор топиши ва инвестициявий муҳитнинг такомиллашиб бориши Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро капитал учун жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Агар илгариги даврларда йилига ўртача 2-3 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткичнинг 40 - 50 миллиард доллар даражасига етиши иқтисодий ислоҳотлар кўлами ва инвесторлар ишончининг ортиб бораётганини кўрсатади.
Айни жараёнда Корея Республикасининг Ўзбекистонга нисбатан стратегик ва инвестициявий қизиқишининг ортиши икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлиги, технологик ҳамкорлик салоҳияти, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, инновациялар, таълим ва инсон капитали соҳаларидаги умумий манфаатлар кенгайиб бораётгани билан изоҳланади.
Шу боис, мазкур ҳамкорликни фақат хорижий инвестициялар ҳажми билан эмас, балки технологиялар трансфери, маҳаллийлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, юқори малакали иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг глобал қиймат занжирларига интеграциялашуви каби узоқ муддатли натижалар билан баҳолаш муҳим.
Корея Республикасининг Ўзбекистонга ортиб бораётган қизиқиши эса мамлакатимизда шаклланаётган янги иқтисодий модель халқаро ҳамжамият эътиборини тобора кўпроқ жалб этаётганининг муҳим кўрсаткичларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА