Ўзбекистон Global AI Community харитасига қўшилди
Бугун дунё тез суръатлар билан рақамлашаётган бир пайтда, сунъий интеллект соҳасидаги ҳар бир қадам мамлакатнинг келажакдаги ўрнини белгилаб беради. Шу маънода, Ўзбекистоннинг глобал технологик ҳамжамиятларга интеграцияси нафақат имконият, балки заруратга айланмоқда.
Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази Global AI Community халқаро тармоғи таркибига қўшилди. Шу билан Global AI Tashkent Марказий Осиёдаги биринчи расмий бўлим сифатида ўз фаолиятини бошлади.
Global AI Community дунёнинг 100 дан ортиқ шаҳарларида фаолият юритувчи сунъий интеллект мутахассислари, тадқиқотчилар ва технология ишқибозларини бирлаштирган йирик халқаро ҳамжамият ҳисобланади.

Ушбу платформа доирасида бепул учрашувлар, семинарлар, хакатонлар ва амалий тренинглар ташкил этилиб, сунъий интеллект йўналишида билим ва тажриба алмашиш имконияти яратилади.
Маҳаллий бўлимнинг очилиши аҳолининг сунъий интеллект соҳасидаги саводхонлигини ошириш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишидаги муҳим қадам бўлди.
Эндиликда Ўзбекистондаги тадқиқотчилар, муҳандислар, талабалар ва технология ишқибозлари глобал AI ҳамжамиятига бевосита қўшилиб, Тошкентда ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА