Ўзбекистон “EXPO 2030 Riyadh”даги миллий павильони лойиҳасини тақдим этмоқда
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги мезбонлик қиладиган “EXPO 2030 Riyadh” бутунжаҳон кўргазмаси майдонига ташриф буюриб, лойиҳанинг бош режаси ва Ўзбекистон миллий павильони учун ажратилган жой билан танишди.
Ташриф доирасида “EXPO 2030 Riyadh” кўргазмасининг халқаро иштирокчилари масалалари бўйича директори Абдулла бин Ол Хамис билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон миллий павильонининг жойлашуви, унинг дастлабки мавзуга оид йўналиши ва кўргазмада иштирок этишга тайёргарликнинг келгуси босқичларини муҳокама қилди.
Саудия томони, шунингдек, Осакадаги “EXPO 2025” кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильонини юксак баҳолаб, лойиҳанинг юқори савияда амалга оширилганини таъкидлади.
Мулоқотда алоҳида эътибор миллий павильоннинг кўргазма якунланганидан сўнгги тақдирига қаратилди. Томонлар бўлажак павильон негизида маданий меросни тарғиб этиш, маданий дипломатияни юксалтириш ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлида доимий масканни барпо этиш истиқболларини кўриб чиқди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА