Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон БМТ доирасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда

Мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги муносабатлар 1992 йил 2 мартда Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кундан бошлаб изчил ва самарали ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ҳамда хавфсизлик соҳаларини қамраб олган. Мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети Халкаро муносабатлар кафедраси доценти, сиёсий фанлар буйича фалсафа доктори Ҳилола Мустапова билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги Марказий Осиё бўйича ташаббуслари, жумладан Афғонистонда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги сайъи харакатларини қандай баҳолайсиз?

– 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон очиқ, прагматик ва минтақавий ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат юрита бошлади. Бу жараён мамлакат раҳбариятининг БМТ минбаридан илгари сурган ташаббусларида яққол намоён бўлди. Сўнгги йилларда юртимиз давлатлар ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бугуннинг долзарб муаммолари сирасига кирувчи масалалар, хусусан халқаро можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, табиий офатлар оқибатини бартараф қилиш, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, глобал мулоқот олиб бориш ва амалий ташаббуслар илгари суриш, шунингдек инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларида фаол ташаббускор сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш мақсадида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, мамлакатимиз БМТнинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, халқаро хавфсизликка оид долзарб муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиё бўйича ташаббуслари, жумладан Афғонистонда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, чегаравий хавфсизликни мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди. 2017 йил сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида илк бор нутқ сўзлаб, Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш ташаббусини илгари сурди.

2018 йил БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё-тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт ҳудуди” резолюциясини қабул қилди. Бу ҳужжат Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилиниб, минтақавий ҳамкорликка институционал асос яратди. Ўзбекистон БМТ минбаридан қатор муҳим ташаббуслар билан чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборини минтақавий ва глобал муаммоларга қаратиб келмоқда. 2017 йил Ўзбекистон раҳбари Бош Ассамблеяда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича махсус резолюция қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Резолюция Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан қўллаб‑қувватланган. Мазмунан, резолюция минтақада иқтисодий ҳамкорлик, сиёсий мулоқот ва ижтимоий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган.

Мамлакатимизда қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га мос келади. Давлатимиз ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқда. Бу жараён мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш, шунингдек экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан уйғун олиб борилмоқда.

Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббуси давлатимиз етакчиси томонидан 2017 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бош Ассамблея 72-сессиясида илгари сурилган эди. Мазкур резолюциянинг асосий мақсади барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда “бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка чақирилган. Ушбу муҳим ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, сифатли таълим олиши ва муносиб иш билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш каби устувор йўналишларни қамраб олган.

Мазкур ташаббус халқаро экспертлар томонидан замонавий дипломатиянинг самарали йўналиши – “soft power” усулининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга маърифий ёндашувни илгари суришга қаратилган саъй-ҳаракатларини намоён этади.

– Ўзбекистоннинг ушбу халқаро минбардан билдирган ёшларга оид ташаббуслари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларда ҳам БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатияси бўйича минтақавий марказ билан ҳамкорликда самарали иш олиб борилмоқда. Хусусан, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг превентив дипломатия бўйича замонавий усуллар ва воситалар ҳақидаги билимларни ошириш мақсадида  марказ билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйиш юзасидан келишув мавжуд. Маълумки, 2015 йил БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” номли стратегияси эълон қилинган. Шу муносабат билан 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 16 глобал мақсадига эришиш йўлида Ўзбекистон томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

БMT Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Ёшлар-2030 стратегияси” доирасида республикамизнинг ёшларга оид ташаббуслари алоҳида эътироф этиб келинмоқда. Бу ёшлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларимиз халқаро майдонда юксак баҳоланганини кўрсатади. Мазкур стратегия 2018 йил 24 сентябрда Нью‑Йоркдаги Бош Ассамблея сессиясида Бош котиб Антониу Гутерриш томонидан расман жорий этилган. 2020 йил БМТнинг “Youth 2030” (Ёшлар-2030) стратегияси доирасида Ўзбекистоннинг ёшларга оид ташаббуслари алоҳида таъкидланган. 2025 йил ўтказилган БМТ соҳавий тадбирлари, масалан ECOSOC ёшлар форумида мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсати ва амалий ташаббуслари, жумладан “Ёшлар сиёсати” соҳасидаги фаолият - “Youth 2030” стратегияси доирасида эътироф этилган. Ўзбекистон миллий ёшлар сиёсатини фаол илгари сураётган давлатлар қаторида экани, минтақада эса етакчи ўрин эгаллагани қайд қилинган.

– Ўзбекистон БМТ доирасида сўнгги йилларда қандай таклиф ва ташаббуслар илгари сурди?

– Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши билан фаол ҳамкорлик қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича ислоҳотлар ўтказмоқда. Хусусан, 2021 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон минтақада ва халқаро миқёсда ушбу соҳадаги ҳамкорлик ва сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек миллий инсон ҳуқуқлари тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконига эга бўлди.

Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) билан ҳамкорликда мамлакатда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ёшлар бандлигини ошириш ва гендер тенгликни ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Атроф-муҳит бўйича дастур (UNEP) билан экологик лойиҳалар амалга оширмоқда. 2018-2021 йиллари Ўзбекистон Орол бўйи ҳудудини экологик инновация ва технология ҳудуди, деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу қарор глобал экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари республикамизда глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро дастурларни қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқларида қайд этилган “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш, Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форуми, жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш каби таклифлар ҳам глобал муҳокамалардан ўрин олган.

Ўзбекистон ёшлар ҳуқуқини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш мақсадида Ёшлар ҳуқуқи тўғрисида конвенция қабул қилишни таклиф қилди. Бу ҳужжат ёшлар учун таълим олиш, бандлик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини халқаро даражада мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида БМТ ҳузурида Марказий Осиё бўйича Терроризмга қарши махсус марказ ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурган.

2025 йил 28-29 апрель кунлари БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича Ҳаракатлар декадаси” номли резолюция қабул қилинди. Ушбу ҳужжат 2027-2036 йилларни жаҳон миқёсида ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни тиклаш ҳаракатлари декадаси сифатида эълон қилишни кўзда тутади. Резолюцияга 80 дан ортиқ мамлакат, жумладан Марказий Осиё, Европа, Осиё ва бошқа минтақалардан кўплаб давлатлар ҳаммуаллифлик қилган. Ҳужжат аҳоли, халқаро ташкилотлар ва давлатларни, куч ва ресурсларни бирлаштириб, барқарор ўрмон хўжалиги ва ўрмонларни тиклаш чора‑тадбирларини жадаллаштиришга йўналтирилган.

Эътироф этиш керак, Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарма ваколатхонаси иш бошлади. 2025 йил Самарқандда, 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида ЮНЕСКО 43-бош конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда 194 аъзо давлат делегациялари иштирок этди.

2025 йил 24 октябрда БМТ билан Ўзбекистон ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш ҳамкорлик ҳужжати (UNSDCF) имзоланди. Ушбу режа камбағалликни қисқартириш, адлия, соғлиқни сақлаш, таълим, экологик барқарорлик ва Орол денгизи минтақасини ривожлантириш каби йўналишлардаги қўшма ишларни ўз ичига олади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамиятда конструктив мулоқот, ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни рағбатлантирувчи муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса мамлакатнинг глобал сиёсатдаги нуфузи ва масъулияти ошиб бораётганини кўрсатади.

– Бугунги геосиёсий рақобат кескинлашаётган халқаро муносабатлар тизимида БМТнинг ўрни ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Тузилма ўз олдига қўйган вазифаларни қай даражада бажара оляпти?

Глобал кескинлик шароитида БМТ нафақат халқаро мулоқот майдони, балки умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилувчи ва дунёда барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи етакчи институт сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши зарур. Ташкилот халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган универсал тузилма сифатида глобал бошқарув тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Хусусан, халқаро можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш ва гуманитар инқирозларга жавоб қайтаришда ташкилотнинг имконияти беқиёс. Шунингдек, БМТ доирасида қабул қилинаётган резолюциялар ва халқаро ҳуқуқ нормалари давлатлар ўртасидаги муносабатларда ҳуқуқий асос яратиб, барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим.

Шу билан бирга замонавий таҳдидлар – терроризм, иқлим ўзгариши, кибер хавфсизлик муаммолари ва глобал иқтисодий беқарорлик каби омиллар шароитида БМТнинг ислоҳ қилиниши, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.