Ўзбекистон - Беларусь: олий таълимдаги ҳамкорлик ривожланади
Самарқанд давлат университетига Беларусь Республикаси таълим вазири Андрей Иванец бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Университет ректори Рустам Холмуродов билан учрашувда таълим, амалий ва фундаментал тадқиқотлар йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга таълим муассасасидаги ўқув жараёнлари ва илмий тадқиқотлар, дунёдаги нуфузли университетлар билан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Делегация таркибидаги Беларусь Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Брест давлат университети ректори Юрий Голубев ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири