Ўзбекистон – Аргентина: Ҳамкорликнинг янги босқичи
Дунёнинг қарама-қарши нуқталарида жойлашган Ўзбекистон ва Аргентина ўртасидаги муносабатлар стратегик диверсификациянинг ёрқин намунасидир. Бу ҳамкорлик қандай омиллар асосида янги босқичга кўтарилмоқда?
“Янги Ўзбекистон” ташқи сиёсатида Лотин Америкаси минтақаси билан алоқаларни ривожлантириш стратегик диверсификациянинг ёрқин намунасидир. Географик жиҳатдан дунёнинг қарама-қарши нуқталарида жойлашган бўлишига қарамай, икки давлат муносабатлари сўнгги йилларда янгича мазмун, жадал суръат касб этди.
Ўзбекистон ва Аргентина ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йил ўрнатилган бўлса-да, “Янги Ўзбекистон” тамойили асосидаги очиқ ва прагматик ташқи сиёсат ушбу муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда икки давлат БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Аргентина Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) сари интилишини қўллаб-қувватлаб, мамлакатнинг минтақавий хавфсизликка оид ташаббусларини юқори баҳолайди.
Иқтисодий истиқболга назар ташласак, дунёдаги етакчи аграр давлатлардан бири ҳисобланган Аргентинанинг қишлоқ хўжалигидаги бой тажрибаси Ўзбекистон учун беқиёс аҳамият касб этишини англаймиз. Айни пайт ушбу мамлакатнинг чорвачилик, ветеринария ва сув тежовчи замонавий суғориш тизимларини юртимизда татбиқ этиш бўйича фаол келишувларга эришилмоқда.
Савдо-иқтисодий йўналишда Ўзбекистон кимёвий ўғит ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини изчил ошириш, Аргентинaдан эса юқори технология ускуналари ҳамда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари импортини йўлга қўйиш стратегик вазифа саналади.
Шу билан бирга Лотин Америкасидаги нуфузли ахборот манбаси LANA – “Latin American News Agency” диёримиздаги кенг кўламли ислоҳотларни мунтазам ва холис ёритиб келмоқда. Агентлик шарҳловчиси Хуан Мануэль Фонруж бир мақоласида Ўзбекистонни “Марказий Осиёнинг иқтисодий юраги”, Жанубий Америка учун минтақага очилган муҳим дарвоза сифатида таърифлаган. Бу ҳамкасбимиз юртимизнинг транспорт йўлакларидаги стратегик ўрни ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларнинг улкан туризм салоҳиятини испан тилли аудиторияга кенг тарғиб қилмоқда.
Масофа узоқ бўлса-да, икки халқнинг миллий қадриятлари, оилавий муносабатлари ва меҳмондўстлик анъаналаридаги ўхшашликлар маданий яқинликни таъминламоқда. Айни яқинлик айниқса маданий алоқалар ва спорт соҳасида яққол кўзга ташланади.
Масалан, 2023 йил Аргентинада ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки, маҳаллий мухлисларнинг ўзбек футболчиларига кўрсатган самимий меҳри халқларимизни янада яқинлаштирди.
Умуман, маданий-гуманитар ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви учун ҳеч қандай узоқ масофа тўсиқ эмаслиги, балки ўзаро ишонч ҳамда стратегик манфаатлар янги истиқболлар очишини амалда исботламоқда.
Фардона Яхшибоева, ЎзА
Материал ТИВ расмий ҳисоботлари ва LANA ахборот агентлиги манбалари асосида тайёрланди.