Ўзбек алифбосидаги Gʻ, Oʻ, Sh, Ch ҳарфларининг қўлланилишига аниқлик киритилмоқда
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари янада такомиллаштирилмоқда. Эндиликда Gʻ ҳарфи Ğ шаклида, Oʻ ҳарфи Ö шаклида, Sh ҳарфи Ş шаклида, Ch ҳарфи Ç шаклида ифодаланиши кутилмоқда.
Бу куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунда ўз аксини топган.
Илмий таҳлиллар шуни кўрсатдики, амалда Oʻ ва Gʻ ҳарфларини ёзиш учун компьютерда 5-6 та амални бажариш талаб этилади. Уларнинг ўндан ортиқ турли кўринишлари қўлланилаётгани эса ягона стандарт шаклланишига тўсқинлик қилмоқда.
Мазкур белгилар халқаро Юникод стандартида мустақил ҳарф сифатида мавжуд эмаслиги сабабли ахборот технологиялари, электрон қидирув тизимлари, автоматик таржима, электрон луғатлар ҳамда ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнида жиддий техник муаммолар юзага келмоқда.
Шу муносабат билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштирилди. Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилмоқда.

Мазкур қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолинади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача фойдаланилади.
Бу эса давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади. Натижада давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинади, қўшимча давлат харажатлари юзага келишига йўл қўйилмайди ҳамда алифбодаги ўзгаришларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотлари учун молиявий жиҳатдан мақбул, босқичма-босқич тартибда таъминланади.
Таклиф этилаётган Ş, Ç, Ğ ва Ö ҳарфлари турк, озарбайжон, туркман, гагауз, қрим-татар, немис, швед, фин, венгер каби қатор тилларда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳарфлардан қарийб 300 миллион аҳоли фойдаланади. Шу боис, улар ахборот технологиялари нуқтаи назаридан ҳам тўлиқ синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мос ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА