"Ўзархив” агентлигида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
«Ўзархив» агентлигида тузилманинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги давомида халқаро ҳамкорлик соҳасида амалга оширган ишлари, эришилган муҳим натижалари ҳамда истиқболдаги вазифалари юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда «Ўзархив» агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълумот берди.
Қайд этилганидек, архив соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда мамлакатимиз архив тизимининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш «Ўзархив» агентлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳисобот даврида ушбу йўналишда режалаштирилган вазифалар изчил амалга оширилди. Хорижий давлатлар архив муассасалари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда музейлар билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Аввало, агентлик раҳбарияти ва мутахассислари Америка Қўшма Штатлари, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларда ташкил этилган нуфузли халқаро конференциялар, конгресслар, илмий-амалий семинарлар ҳамда давра суҳбатларида фаол иштирок этди.
Жумладан, февраль ойида Россия Федерациясининг Бутунроссия ҳужжатшунослик ва архив иши илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда агентлик вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Беларусь Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш департаменти билан ҳамкорликда архив ҳужжатларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди. Қозоғистон Республикасида сиёсий қатағонларга оид архив ҳужжатларини идентификация қилиш мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз архивчилари маъруза билан қатнашиб, Ўзбекистон тажрибасини халқаро жамоатчиликка тақдим этди. Шунингдек, Беларусь Республикасида бўлиб ўтган «Архив мулоқоти» V халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ташкил этилган «Ёлғон ва сохталаштиришсиз: тарихий хотирани ҳимоя қилиш» мавзусидаги халқаро конференцияларда ҳам агентлик вакиллари муваффақиятли иштирок этди.
Ҳисобот даврида амалга оширилган энг муҳим халқаро тадбирлардан бири Америка Қўшма Штатларининг Юта штатига амалга оширилган хизмат сафари бўлди. 2026 йил март ойида «RootsTech–2026» халқаро конференциясида иштирок этиш доирасида «FamilySearch International» ташкилоти, Юта штати давлат архиви, шунингдек, шажара тадқиқотлари соҳасида етакчи ҳисобланган «MyHeritage» ва «Ancestry» ташкилотлари билан амалий учрашувлар ўтказилди. Ташриф давомида архив ҳужжатларини рақамлаштириш, архив хизматларини электрон шаклда кўрсатиш, рақамли архив инфратузилмасини такомиллаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ҳамда шажара тадқиқотларини ташкил этиш бўйича илғор халқаро тажрибалар ўрганилди.
Июнь ойида Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўтказилган «Digital Archive EXPO» III халқаро архивчилар конгрессида ҳам Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Конгресс доирасида агентлик мутахассислари томонидан Ўзбекистон архивларида рақамли ечимларни жорий этиш, киножамғармаларни рақамлаштириш ҳамда давлат архивларининг рақамли экотизимига бағишланган маърузалар ва амалий тренинглар ўтказилди. Шу билан бирга, мазкур халқаро конгресс доирасида «Ўзархив» агентлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти Архиви ўртасида архив иши соҳасида Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки давлат архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда рақамлаштириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳисобот даврида халқаро ҳамкорлик географияси янада кенгайди. Хусусан, Германия, Франция, Исроил, Корея Республикаси, Польша, АҚШ, Беларусь, Қозоғистон ва Россия Федерацияси архив муассасалари ҳамда ихтисослаштирилган ташкилотлари билан қатор учрашувлар ташкил этилди. Франция Миллий аудиовизуал институти мутахассислари иштирокида киноҳужжатларни сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Германия архив тизими ва рақамли ҳужжатлар билан ишлаш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар билан рақамли архивларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Корея Республикаси билан архив соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича келишувларга эришилди. Польша Миллий хотира институти архиви билан эса қўшма илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан музокаралар бошланди.
Халқаро ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири сифатида «ЎЗБЕКИСТОН — НАЖОТ ЮРТИ» номли тарихий-ҳужжатли китоб нашр этилди. Мазкур китоб АҚШ Холокост ёдгорлик музейи билан ҳамкорликда бир неча йил давомида амалга оширилган кенг қамровли тадқиқотлар натижасида тайёрланди. Китоб тақдимотида хорижий давлатлар элчихоналари, дипломатик корпус вакиллари, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Ҳисобот даврида хориж архивларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатларини мамлакатимизга қайтариш ишлари ҳам давом эттирилди. Жумладан, Татаристон Республикаси давлат архивларидан Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ 836 кадр электрон архив ҳужжатлари қабул қилинди. Шунингдек, Беларусь Республикаси архивчилари томонидан Иккинчи жаҳон уруши йилларида Беларусь ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик партизанларга оид янги архив ҳужжатлари ва шахсий йиғмажилдлар Ўзбекистон Миллий архивига давлат сақловига топширилди. Бу ҳужжатлар мамлакатимиз тарихини янада чуқурроқ ўрганиш ва янги илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун муҳим манба ҳисобланади.
Шу билан бирга, мамлакатимиз архивларининг хорижлик тадқиқотчилар учун очиқлиги таъминланди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Канада, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Германия, Нидерландия, Буюк Британия, Туркия, Исроил, Россия Федерацияси, Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан жами 74 нафар тадқиқотчига Ўзбекистон миллий архивлари ҳамда ҳудудий давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатлари билан ишлаш учун белгиланган тартибда рухсат берилди. Бу эса мамлакатимиз архивларининг очиқлиги, шаффофлиги ҳамда халқаро илмий ҳамкорликка тайёрлигининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА