Отабек полвон Осиё чемпионига айланди
Осиё чемпионатида Отабек Тўхтамуродов туркманистонлик рақибини финал босқичида мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди
Тайланднинг Паттайя шаҳрида эркин кураш бўйича U15 Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мусобақада иштирок этган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари ҳам шоҳсупага кўтарилиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Мусобақа давомида 38 килограммгача вазн тоифасида Отабек Тўхтамуродов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди. Шунингдек, ўз вазнларида Асомиддин Бадритдинов ва Исмоилжон Назиржонов финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, якунда терма жамоамиз ҳисобига кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Озодбек Абдивоитов ва Беҳруз Давронов шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди ва мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг аёллар кураши бўйича ўтган беллашувларда вакилларимиз 4 кумуш ва 2 бронза медалини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА