Осиё чемпионати: Ёш эшкак эшувчиларимиз медаллар жамғаришда давом этмоқда
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ва U23 ёш тоифалари ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг дастлабки кунларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этди.
U23 ёш тоифасида Диёрбек Маматқулов C1 дастурининг 1000 метр масофасида олтин медални қўлга киритган бўлса, Мадина Ашрафхонова K1 йўналишида кумуш медалга сазовор бўлди. Динара Абдукаҳҳорова C1 дастурида, Ярослав Славогородский эса K1 баҳсларида бронза медалини қўлга киритди. Кейинги стартларда Дарья Мишина K1 дастурининг 200 метр масофасида кумуш медалга эга чиққан бўлса, Давронбек Ахматов C1 йўналишида бронза медали совриндори бўлди.

U18 ёш тоифасида Беҳруз Эргашев C1 дастурининг 1000 метр масофасида, Зафаржон Бахтиёров ва Милана Душев-Янич K1 дастурининг 1000 метр баҳсларида чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, Муаттар Қодиржонова C1 дастурининг 200 метр масофасида олтин медалга сазовор бўлди. Максим Ивлиев ҳамда Шаҳризода Мавлонова эса K1 баҳсларида кумуш медалларни қўлга киритди.

Шу тариқа, чемпионатнинг дастлабки кунлари якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 5 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медали мавжуд.
Мусобақа давом этмоқда. Олдинда яна бир қатор финал стартлари бўлиб ўтади ва терма жамоамиз вакиллари янги медаллар учун кураш олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА