Ўш миллий драма театри жамоаси фестивалнинг бош мукофоти совриндори
Андижон – туркий дунёнинг маданият пойтахти мақоми доирасида бўлиб ўтган IV ТУРКСОЙ халқаро театр фестивали якунига етди.
Бир неча кун давомида туркий халқларнинг бой маданий мероси ва саҳна санъати анъаналарини ривожлантириш, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда театр санъатининг истиқболларини белгилаш борасида муҳим мулоқот майдонига айланган, шунингдек, миллий театр жамоалари ижодий салоҳиятини намоён этган ушбу фестиваль чиндан-да туркий халқлар санъат аҳлини бир-бирига янада яқинлаштирди, қолаверса, юртимиз театр мухлисларига қардош халқлар театр санъати билан яқиндан танишиш имконини берди.
Фестивалда қатнашган театр жамоалари томонидан намойиш этилган спектакллар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, турли мезонлар бўйича муҳокама қилиб борилди. Ҳакамлар ҳайъати, театр санъати мутахассислари, томошабинлар эътирофидан келиб чиқиб, фестивалда иштирок этган театр жамоалари қатор номинациялар бўйича тақдирланди.


«Энг яхши режиссёр» номинацияси бўйича Қозоғистон Ёшлар театри томонидан намойиш этилган «Жибек» спектакли режиссёри Нурканат Жакипай ғолиб деб топилди. «Тинчлик, инсонпарварлик ва дўстлик мавзусидаги энг яхши спектакль» номинацияси бўйича Буюк Сапармурод Туркманбоши номидаги Туркманистон бош академик драма театрининг «Оқ от» спектакли тақдирланди.
Озарбайжон пантомима театрининг «Иблис» спектакли «Энг яхши саҳна пластикаси», Ўзбекистон давлат драма театрининг «Лайли ва Мажнун» спектакли «Энг яхши янги талқин» номинациясида ғолиб деб топилди.


Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти «Энг яхши ҳажмли спектакль» йўналишида Қирғизистон Республикасининг Токтогул Азибаев номидаги Олой мусиқали драма театрининг «Соғинч» спектаклига берилди. «Тарихий хотирани акс эттирган энг яхши спектакль» номинацияси бўйича Андижон вилояти мусиқали драма театрининг «Бобур соғинчи» спектакли ғолиб бўлди.
Фестивалнинг бош соврини – гран при, яъни “Энг яхши спектакль” номинацияси билан Султон Ибрагимов номидаги Ўш миллий драма театрининг «Тақдир ҳақида қўшиқ» спектакли мукофотланди.



Бир сўз билан айтганда, юксак савияда ўтказилиб, ҳақиқий театр санъати байрамига айланган IV ТУРКСОЙ халқаро театр фестивали турли мамлакатлар ижодкорларини бир саҳна атрофида бирлаштириб, туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, театр санъатини ривожлантиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари