Оролбўйида “Мустақиллик тўйи” фестивали давом этмоқда
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 12-15 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик тўйи” фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестиваль доирасида аҳолининг турли қатламларини қамраб олувчи маънавий-маърифий, маданий ва ижтимоий тадбирлар ташкил этилмоқда. Тадбирларнинг асосий мақсади жамиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эзгулик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ғояларини кенг тарғиб этишдан иборат.

Фестиваль дастуридан ўрин олган лойиҳалар орқали аҳолининг маънавий-маърифий билимларини ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларга ҳурматни кучайтириш ҳамда жамиятда меҳр-оқибат ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Жумладан, фестивалнинг дастлабки куни Қонликўл туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини Маданият марказида “Мустақиллик соати” лойиҳаси доирасида таниқли профессор-олимлар ва ижодкорлар иштирокида адабий-маърифий учрашув ўтказилди. Унда сиёсий фанлари доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Татлимурат Атамуратов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз мустақиллигининг мазмун-моҳияти, унинг халқимиз ҳаётидаги тарихий аҳамияти, эришилаётган ютуқлар ва бугунги тинч-осойишта ҳаётнинг қадр-қиммати ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шунингдек, “Яхшилик карвони” лойиҳаси доирасида маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кекса нуронийлар, ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эзгу ташаббусларни кенг тарғиб қилишга қаратилган хайрия ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Шуманай тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган “Кинокарвон” лойиҳаси, “Мунчоқли” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Обод хонадон” лойиҳаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. “Кинокарвон” лойиҳасида аҳолига, айниқса, ёшларга миллий ва маънавий қадриятларни акс эттирувчи, ватанпарварлик ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи фильмлар намойиш этилган бўлса, “Обод хонадон” лойиҳаси доирасида хонадонларда ободлик, тозалик ва фаровонлик муҳитини шакллантириш, аҳоли ўртасида бунёдкорлик ва ташаббускорлик руҳини кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилди.

Хўжайли туманидаги 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган “Шукроналик” маданий-маърифий учрашувида Ватан тинчлиги ва осойишталиги, ҳаёт неъматларининг қадрига етиш, жамиятда шукроналик ҳамда миннатдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўнғирот туманидаги маданият саройида “Қўнғирот”, “Темир йўл” ва “Озодлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи турли миллатга мансуб кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Умуммиллий бирдамлик” лойиҳаси доирасида учрашув ўтказилди. “Кутубхоналарга ташриф” лойиҳасида эса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, аҳолининг кутубхоналардан самарали фойдаланишини рағбатлантириш, мутолаа ва маърифатга кенг жалб этиш мақсад қилинди.
Хўжайли тумани ҳокимлиги маданият саҳнасида ҳамда Қўнғирот туманидаги “Озодлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ёшлар хиёбонида санъаткорлар, хонандалар, маданият соҳаси ходимлари, ёшлар, аҳоли вакиллари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.
“Мустақиллик тўйи” фестивалининг иккинчи куни Тўрткўл, Элликқалъа, Тахтакўпир, Қораўзак ҳамда Чимбой туманларида давом этди.
Жумладан, фестиваль доирасида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” лойиҳаси амалга оширилиб, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, умумий Ватанимизга дахлдорлик туйғусини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. “Мустақиллик марши” оммавий юриши орқали халқимизнинг мустақиллик байрамига бўлган юксак ҳурмати ва ватанпарварлик туйғулари намоён этилди. Мазкур тадбир аҳолининг кенг қатламларини бирлаштириш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Фестиваль дастуридан “Маърифат тур” лойиҳаси ҳам ўрин олган. Мазкур лойиҳа доирасида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, китобхонлик ва илм олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, тарихий ва маданий меросга ҳурмат туйғусини юксалтиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда. “Миллий либослар флешмоби” орқали халқимизнинг бой миллий маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини кенг тарғиб этиш, ёш авлодда миллий қадриятларга ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантиришга эътибор қаратилмоқда.
“Жонажон мактабимга китоб совға қиламан” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларининг кутубхона фондларини бадиий ва маърифий адабиётлар билан бойитиш, ўқувчиларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшларни мутолаага кенг жалб этишга қаратилган эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда. Фестиваль дастуридан ўрин олган “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси доирасида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, уларда Ватанга садоқат, жасорат ва фуқаролик масъулияти туйғуларини кучайтиришга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
“Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” лойиҳаси доирасида ёш авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болаларда Ватанга муҳаббат, эзгулик ва бунёдкорлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Фестиваль доирасидаги тадбирларга ёшлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, педагоглар, ижодкорлар, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилади.
“Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Ушбу тадбирлар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда жамиятда эзгулик ва бунёдкорлик ғояларини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири