Оролбўйи ва иқлим барқарорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда барқарор ривожланиш, иқлим барқарорлигини таъминлаш, чўлланишга қарши курашиш ҳамда экологик лойиҳаларга инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, БРИКСнинг Янги тараққиёт банки Президенти Дилма Руссефф билан бўлиб ўтган учрашувда “яшил” иқтисодиёт, барқарор инфратузилма ва иқлим ўзгаришига мослашув лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “яшил” иқтисодиётни шакллантириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Томонлар қайта тикланувчи энергетика, сув ресурсларини барқарор бошқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган экологик ташаббуслари, жумладан, бир миллиард туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш ва экологик таълимни ривожлантириш бўйича режалар тақдим этилди.
Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Музокараларда иқлим ўзгаришига мослашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш, ер деградацияси ҳамда қум-чанг бўронларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида қум-чанг бўронлари бўйича миллий ва минтақавий эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, иқлим маълумотлари ва гидрометеорологик ахборотларни интеграция қилиш ҳамда Миллий иқлим ва гидрометеорология марказини ташкил этиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Томонлар чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудларда, аввало, Оролбўйида пилот лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, халқаро ҳамкорларни экологик инновациялар ва барқарор ривожланишга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этишга чақирилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА