Орал Атаниязова: ҳар бир бола соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга (+видео)
Бу фикрни Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори Орал Атаниязова пойтахтимизда ўтказилган “Она ва бола саломатлигига атроф-муҳитнинг таъсири” мавзусидаги 11-Халқаро илмий-амалий конференцияда ЎзА мухбирига берган интервьюсида билдирди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши глобаллашуви шароитида она саломатлиги ва бола парваришига алоҳида эътибор қаратиш давлатнинг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Икки кунлик йирик халқаро анжуманнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари хусусида маълумот бераркан, олийгоҳ ректори кеча 12 мамлакатдан 20 ҳисобот, бугун 24 давлатдан 40 тақдимот ва маърузалар тақдим этилганини айтди.
О.Атаниязова, шунингдек, бугун Индонезия мутахассислари томонидан намойиш этилган тақдимотни алоҳида эътироф этишни жоиз, деб билди. Боиси, атроф-муҳитнинг болалар саломатлигига таъсири, экологик факторлар масаласи билан боғлик вазиятлар батафсил очиб берилган.

Халқаро конференция давомида Германиянинг Мюнхен, Австриянинг Вена ва Американинг Питтсбург университетлари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинган.
Интервьюда конференция якуни бўйича қабул қилинган халқаро резолюция истиқболи юқори баҳоланди. Халқаро ҳамжамият вакиллари билан ташриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш йўлида йирик платформа ташкил топгани ҳам қайд этилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7Wx3FVSn9ls?si=BDMUnKxm1n98ivpq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА