“Оқил қудуқ” тизими сув ва электр энергиясини қандай тежайди?
Қашқадарё вилоятида аҳоли томорқа ерларини суғоришда фойдаланилаётган ер ости сувларидан самарали фойдаланиш, сув ва электр энергияси сарфини тежаш ҳамда қудуқлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, вазирлик, “Ўзбекгидрогеология” ДМ ҳамда “ГИДРОИНГЕО Институти” ДМ мутахассислари Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Томорқа суғориш маркази”да бўлиб, ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш бўйича жорий этилган тизим билан танишган.
Марказ томонидан томорқа ерларини суғоришда фойдаланиладиган қудуқларни самарали бошқариш, сув ва электр энергияси ресурсларини тежаш ҳамда уларни замонавий бошқарув тизимига ўтказиш мақсадида республикада илк бор “Оқил қудуқ” рақамлаштириш технологияси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган.
Мазкур технология орқали тик суғориш қудуқлари фаолиятини масофадан туриб назорат қилиш ва бошқариш, сув ҳамда электр энергияси сарфини ҳисобга олиш, шунингдек, қудуқлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконияти яратилган.
Айни пайтда 51 та тик суғориш қудуғи рақамлаштирилиб, Марказий диспетчерлик хизматига интеграция қилинган. Қудуқлар фаолияти камералар орқали тўлиқ назоратга олинган. Ўтказилган синовлар мазкур тизимнинг амалиётда самарали ишлаётганини кўрсатган.
Ўрганиш давомида ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур тажрибани иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий донор ташкилотларни жалб этиш, ер ости сув захираларидан фойдаланиш ҳолатлари устидан назоратни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Қашқадарёда йўлга қўйилган “Оқил қудуқ” тизими ер ости сувларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда суғориш қудуқларини замонавий рақамли бошқарув тизимига ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА