Олийгоҳ ҳовлисида – Наврўз сайли
Наврўз – халқимизнинг энг қадимий ва севимли байрамларидан бири бўлиб, ўзида эзгу ғоя ва қадриятларни мужассам этган ҳолда, байрам сайиллари юртимиз бўйлаб кенг нишонланиб, давом этмоқда.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида Наврўз сайли юксак савия, кўтаринки кайфият ва миллий анъаналар уйғунлигида ташкил этилди.
Тадбирда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, юртимиз зиёлилари, санъат вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда олийгоҳ профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
[gallery-28364]
Наврўз сайлида Филология ва санъат факультети жамоаси Хоразм вилоятининг бой маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари ҳамда қадриятларини ёрқин намоён этди.
Байрам доирасида университет ректори Феруза Мадраҳимова бошчилигида меҳмонлар факультетлар павильонлари билан танишди.
Ўттиз мингдан ортиқ талабалар таҳсил олаётган университетнинг факультет жамоалари томонидан ташкил этилган павильонларда юртимиз ҳудудларига хос урф-одатлар, анъаналар, бадиий чиқишлар ва миллий таомлар жонли тарзда намойиш этилиб, тадбирга ўзига хос ранг-баранглик бағишлади.
Байрамга юртимизнинг таниқли санъаткорлари, маданият арбоблари ва маҳоратли дорбозлар ташриф буюриб, байрам тадбирларига янада кўтаринкилик ва завқ бағишлади.
Наврўз сайли миллий қадриятларимизни талабалар орасида улуғланиши, ёшлар ижодини намоён этиш ва юртимизнинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари