Оилавий поликлиника ишга тушди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Садриддин Айний маҳалласида тўлиқ реконструкция қилинган 6-оилавий поликлиника филиали фойдаланишга топширилди. Замонавий талаблар асосида жиҳозланган тиббий муассаса эндиликда қарийб 2,5 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, реконструкция ишлари “Гулистан дарё буилдинг” МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Очилиш маросимида туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, соҳа ходимлари, фахрийлар ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди. Сўзга чиққанлар реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилган поликлиникада яратилган шарт-шароитлар ва аҳоли учун қулайликлар ҳақида сўз юритиб, давлат раҳбарига миннатдорчилик билдирдилар.
Янгиланган поликлиникада беморлар учун барча қулайлик яратилган бўлиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлангани аҳолига яқин масофада тезкор ва сифатли тиббий ёрдам олиш имконини бермоқда.

– Поликлиникамиз биноси анча эски бўлиб, таъмирлашни талаб этарди. Бу эса нафақат тиббиёт ходимларига, балки бизга ҳам турли ноқулайликлар туғдирарди. Реконструкциядан сўнг поликлиникада ҳавас қилар даражада шароит яратилди. Энг муҳими, аҳолимиз учун катта қулайлик бўлди. Шифокорлар ҳам эътиборли, шароитлар ҳам жуда яхши, – дейди шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Неъмат Жўраев.
Мутахассислар қайд этишича, бундай объектларнинг ишга туширилиши ҳудудларда тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири