Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартлар ўрганилди
Бош прокуратурада Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) кўмагида хотин-қизларга нисбатан жиноятларга қарши курашиш ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ходимларининг малакасини ошириш, хотин-қизларга қарши содир этилган жиноятлар ҳамда оиладаги зўравонлик ҳолатларини тергов қилиш усулларини такомиллаштириш, шунингдек, илғор халқаро тажрибани миллий суд-тергов амалиётига жорий этишга қаратилди.
Семинарда Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Миллий гвардиянинг масъул ходимлари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси профессор-ўқитувчилари, шунингдек, халқаро экспертлар ва IRZ жамғармаси мутахассислари иштирок этди.

Семинар давомида иштирокчилар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда илғор тажрибаларни муҳокама қилди. Ихтисослаштирилган ходимларни тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунлари бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг ўқув модулларини такомиллаштириш ҳамда суд-тергов амалиётида қўллаш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА