Оила институтини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамовага мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида парламент сўровида кўтарилган 8 устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, масъул ташкилотлар ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида республика бўйича 200 дан ортиқ туман ва шаҳарларда Оила ва хотин-қизлар масканлари ташкил этилди.
Ушбу масканларда никоҳланувчи ёшлар учун махсус ўқув курслари йўлга қўйилиб, низоли ва ёш оилаларга оилавий маслаҳат ҳамда таълим дастурлари тақдим этилади. Ўтган йил давомида мазкур масканлар томонидан 523 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлиб, 168 мингдан зиёд ёшлар оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларида иштирок этган.

Оила институтини илмий-амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Масъулиятли ота-оналик”, “Бахтиёр оила” ҳамда “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” электрон платформалари ишга туширилган. Ушбу платформалар орқали аҳолига оилавий муносабатлар, тарбия, миллий қадриятлар ва халқаро тажрибага оид маълумотларни онлайн олиш имкониятлари яратилган.
Қўмита аъзолари оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш, эрта никоҳга қарши курашиш, медиация механизмларини кенг жорий этиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА