Оғир атлетика: Осиё чемпионатига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
Жорий йилнинг 7–14-август кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган “Олимпия шаҳарчаси”да ўсмирлар ва ёшлар ўртасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, мамлакат оғир атлетика федерацияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан мазкур қитъа чемпионатини юқори савияда ўтказиш, иштирокчи миллий терма жамоаларни муносиб кутиб олиш, чемпионат доирасидаги тадбирларни юқори савияда ўтказиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ал Ҳарби Спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва тегишли мутахассислар чемпионат ташкил этиладиган спорт мажмуасида бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар билан яқинлан танишди.
Ташриф давомида мусобақа зали, тренерлар ва ҳакамлар хоналари, спортчилар ҳамда расмийлар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, чемпионатни ўтказиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, мусобақани халқаро стандартлар асосида юқори савияда ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА