Нью-Йоркда UZBEX халқаро савдо платформаси тақдим этилди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ва Халқаро "Business Diplomat" ҳамкорлигида UZBEX халқаро савдо платформасининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва АҚШ тадбиркорлари иштирок этган тақдимотда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, экспортчилари ва хизмат кўрсатувчи компанияларини халқаро харидорлар билан боғлашга қаратилган рақамли савдо платформаси ҳисобланган UZBEX ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур платформа орқали тўқимачилик, озиқ-овқат, мева-сабзавот, қуритилган мевалар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек, IT, логистика, таълим ва бошқа хизматларни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
[gallery-32292]
UZBEX миллий брендларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, хорижий харидорлар ва дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига интеграциялашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик ташаббусдир.
ЎзА