Ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ навбатдаги қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сирдарё ҳудудий филиали ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, прокуратура органлари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали мутахассислари иштирокида ўтказилган назорат рейди давомида туманда фаолият юритувчи “Ў.Й.А.” фермер хўжалигида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Текширув жараёнида фермер хўжалигидаги электр ҳисоблагич ускунасига таъсир кўрсатилгани маълум бўлди. Оқибатда амалда истеъмол қилинган электр энергияси тўлиқ ҳисобга олинмасдан, ундан ноқонуний равишда фойдаланилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 834 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири