Нодирбек Тўрабеков: Мамлакатимиз саноат салоҳияти халқаро майдонда намоён бўлади
Жорий йилнинг 27-29 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуасида "Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик - MiningMetals Uzbekistan 2026" 20-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси лойиҳа раҳбари Нодирбек Тўрабеков мазкур халқаро тадбирнинг ташкилий жараёнлари, иштирокчилари ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуасида уч кун давомида ўтказиладиган ушбу кўргазма ишбилармонлар, ишлаб чиқарувчилар ва соҳа мутахассислари учун тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда замонавий технологиялар билан танишиш имконини беради.
Бу йил ўзининг 20 йиллигини нишонлаётган "MiningMetals Uzbekistan" мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва металлургия соҳасининг етакчи кўргазмаси ҳисобланади. Унда энг сўнгги ечимлар ва инновациялар намойиш этилиб, замонавий ускуналар, технологиялар ҳамда саноатни ривожлантиришга қаратилган ишланмалар тақдим этилади.
Бугунги кунга қадар Австралия, Беларусь Республикаси, Эрон, Эстония, Финляндия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Канада, Корея Республикаси, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркия, Хитой ва Ўзбекистон каби 18 та мамлакатдан 162 та компания ва бренд ўз иштирокини тасдиқлаган.
Кўргазмада кончилик ва бойитиш техникаси, металлургия ва металлсозлик ускуналари, минерал хомашёни ташиш ва қайта ишлаш ечимлари, шунингдек, рақамлаштириш, автоматлаштириш ва саноат хавфсизлигини таъминлаш технологиялари намойиш этилади. Германия миллий павильон билан иштирок этади. Хитой ва Туркия ишлаб чиқарувчиларининг кенг кўламли экспозициялари ҳам тақдим этилади.
Кўргазманинг бизнес дастуридан ўрин олган асосий тадбирлардан бири "Ресурслардан глобал имкониятларгача" шиори остида ўтказиладиган 8-Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми ҳисобланади.
Форум еттита сессиядан иборат бўлиб, унда тоғ-кон саноати ва металлургияни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақавий мулоқотни ривожлантириш, илғор технологияларни ўрганиш, металлургия технологияларини Ўзбекистон саноатига татбиқ этиш, геологик қидирув ва чуқур конларни ўзлаштириш, инвестиция ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда саноатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади.
Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ва ESG тамойилларига асосланган саноатни барпо этиш мавзулари ҳам кун тартибидан ўрин олган. Зеро, тоғ-кон металлургия саноати энергетика ва қурилиш соҳаларининг ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Форум ушбу йўналишлардаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва соҳадаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар 19 та давлатдан 40 дан ортиқ спикер ва модераторлар ҳамда 500 дан ортиқ делегат форумда иштирок этиши кутиляпти. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар кўргазма ва форумда қатнашади. Шунингдек, соҳавий илмий-таълим институтлари ва университетлар ҳам тадбирда иштирок этади.
Мухтасар айтганда, ушбу кўргазма ва халқаро форум мамлакатимиз саноат салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, замонавий технологияларни оммалаштириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва тоғ-кон металлургия соҳасида янги истиқболларни белгилаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.