Нобель мукофоти соҳиби Ўзбекистонда (+видео)
Ўзбекистон Миллий университетида Нобель мукофоти соҳиби Серж Арош билан учрашув бўлиб ўтди. Айтиш керакки, физик олимнинг фундаментал фанлар соҳасидаги изланишлари ва инсоният цивилизацияси учун қўшган ҳиссаси жуда улкан.
Тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Мазкур учрашув юртимиз ёш олимлари ва талабалари учун жаҳон миқёсидаги илмий тажриба билан бевосита танишиш имконини берди.
Учрашув формати академик маърузалардан фарқли равишда, эркин ва жонли мулоқот шаклида ташкил этилди. Профессор Серж Арош ўз чиқишида диққат эътиборини нафақат илмий назарияларга, балки шахсий ҳаётий тажрибаси, муваффақиятга олиб борган заҳматли йўли ва илм-фанга бўлган замонавий қарашларига қаратди.
- Серж Арош Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи давомида физика йўналиши бўйича барча ёш олимлар, талабалар ҳамда профессор, ўқитувчилар билан учрашув ўтказди, - дейди Ўзбекистон Миллий университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ёқуб Эргашев. – Учрашув жараёнида Квант физикаси соҳасида 3 курс талабаларига дарс машғулотлари ўтиб бердилар. Квант физикаси йўналишида сўнгги йилларда олиб борилаётган энг долзарб илмий-тадқиқотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти билан батафсил тўхталиб ўтиб, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Мулоқот давомида ёш олимларда тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантириш, замонавий таълим ва юқори технологиялар интеграцияси мавзуларига тўхталиб ўтилди.
Талабалар ва ёш изланувчилар ўзларини қизиқтирган мавзуларда олим билан фикр алмашди. Серж Арош иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берар экан, илм йўлини танлаган ёшлар учун ўз тавсияларини айтиб ўтди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NpJPmp0G--k" title="Nobel mukofoti sohibi O‘zbekistonda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Салимжон Обиджонов, ЎзА