Наврўз фестивали Самарқандда давом этди
Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, маданият вазирлиги, ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Наврўз фестивали Самарқанд вилоятида давом этди.
Дастлаб Булунғур тумани олис маҳаллаларида ташкил этилган фестивалда пойтахтдан келган ҳамда самарқандлик таниқли санъаткорлар, эл ардоғидаги ижодкорлар қатнашди. Улар иштирокида “Дўстлик дастурхони”, “Маърифат боғи”, “Баҳодирлар ўйини”, “Варраклар сайли”, “Китоб ва заковат сайли” каби ранг-баранг лойиҳалар ўтказилди, аҳолига унутилмас байрам кайфияти улашилди.


- Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, ушбу байрам бу йил “Наврўзни улуғлаш - инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилмоқда, - дейди Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холбек Кўбаев. - Шу жиҳатдан мазкур фестиваль тадбирлари ҳам инсон қадри ва уни улуғлашга қаратилган. Бунда юртимизнинг олис ҳудудлари аҳолисига байрам кайфияти улашиш, уларни байрам билан табриклаш, миллий анъана ва қадриятларимизни давом эттиришга урғу берилмоқда.


Бугун фестиваль Пайариқ туманининг Накурт маҳалласида давом этмоқда. “Маърифат” тарғиботчилари иштирокида ўтказилаётган тадбирлар аҳолининг маънавий дунёсини бойитиш, миллий қадриятларни кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА