Юртимизда яқинлашаётган Наврўз байрами муносабати билан аҳоли ва сайёҳлар учун қатор қулайликлар яратилмоқда.
Байрам кунларида мамлакатимиздаги маданий мерос объектлари, музейлар ва туризм хизматларида турли чегирмалар ҳамда махсус таклифлар жорий этилиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, жорий йил 21 март — Наврўз байрами муносабати билан Маданий мерос агентлиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фондига қарашли маданий мерос объектлари, шунингдек туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли ва сайёҳлар учун бир қатор чегирмалар тақдим этилади.
Хусусан, байрам кунлари давомида “Вақф” хайрия жамоат фондига бириктирилган зиёратгоҳларда белгиланган прейскурант бўйича кириш нархларига 10 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилган.
Шунингдек, маданий мерос объектлари ва давлат музейлари кириш чипталарига чегирмалар эълон қилинади.
Бундан ташқари, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва бошқа жойлаштириш воситаларида 20 фоизгача махсус байрам чегирмалари ихтиёрий равишда тақдим этилмоқда. Бу эса маҳаллий ва хорижий сайёҳларга Наврўз байрамини мамлакатимизнинг турли ҳудудларида мазмунли ўтказиш имкониятини яратади.
Шу билан бирга, Маданият вазирлиги тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат театрларида театр мухлислари 21–27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида намойиш этиладиган спектаклларни бепул томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун очиқ кассалардан таклифномалар олиш талаб этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА