“Navoiyuran” навбатдаги халқаро сертификатни қўлга киритди
“Navoiyuran” давлат корхонасида коррупцияга қарши бошқарув тизимини халқаро стандарт талаби асосида такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда ушбу корхона ISO 37001:2025 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандарти жорий этилганлиги тўғрисидаги сертификатни қўлга киритди.
Мазкур тизим жорий этилиши доирасида корхона фаолиятида коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида фаолиятнинг 240 функцияси таҳлил қилиниб, коррупциявий хавф-хатар даражаси баҳоланди.

Аниқланган коррупциявий хавф-хатарни камайтириш ва муаммоларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва дастурлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазифалар вақтида ва самарали ижро этилиши устидан доимий назорат ўрнатилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши ички назорат механизмини кучайтириш, ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий ҳолатлар хавфини барвақт аниқлаш ҳамда салбий оқибатнинг олдини олишга қаратилган ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари “Navoiyuran” ДКда ISO 37301:2021 “Комплаенс менежмент тизими” халқаро стандарти ҳам жорий этилган. Мазкур амалиёт корхонада коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро талабларга асосланган самарали бошқарув тизими шаклланаётганининг муҳим кўрсаткичидир.
“Navoiyuran” ДК матбуот хизмати