Навоий вилоятининг туристик салоҳиятини ошириш чоралари кўрилмоқда
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” туризм мавсумининг очилиши доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркаси ташкил қилинди.
Вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш, аҳоли орасида ички саёҳатларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, хостел, меҳмон уйи) ҳамда корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари – туризм бошқармаси бошлиғи Саъдулла Мирзаев сўзга чиқиб, туризм соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, 2017 йилда вилоятда 1501 ўринга эга 18 та жойлаштириш воситаси фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 238 тага, ўринлар сони 6983 тага етказилди. Биргина 2024 йилда 10 та меҳмонхона, 17та оилавий меҳмон уйи, 4 та хостел ҳамда 3 та ўтовли оромгоҳ ташкил этилиб, меҳмонхоналар 52 тага, оилавий меҳмон уйлари 122 тага, хостеллар 41 тага, дам олиш масканлари 16 тага, ўтовли лагерлар 7 тага етди. 2025 йилнинг январь-март ойларида 6 та жойлаштириш воситалари ташкил этилди.

– 2024 йилда 22 та туркомпаниялар фаолияти йўлга қўйилиб, 20 та янги турмаршрутлар ишлаб чиқилди. 2025 йилнинг ўтган даврида эса 3 та туркомпания фаолият бошлади ва жами туркомпаниялар сони 75 тага етди, – дейди С.Мирзаев. – Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган 340 км масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм маршрутларини ўз ичига олган Навоий “туризм халқаси” йўналиши бўйича транспортда ва пиёда саёҳат қилиш бўйича алоҳида туристик маршрутлар яратилди. Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи UNWTO (Бутун жаҳон туризм ташкилоти)нинг Самарқанд саммитида “Энг яхши туризм қишлоғи” деб эълон қилинди ва бутунжаҳон туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди.

“YURT CAMP” МЧЖ томонидан Конимех туманида умумий қиймати 12 миллиард сўмлик 500 ўринли ўтовли лагер, отда ва туяда сайр қилиш, ов қилиш, 2 та ресторан, савдо дўконлари, транспорт ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм кластери ташкил этилди.
“KEMEL TRAVEL” МЧЖ томонидан эса Айдаркўл бўйида лойиҳа қиймати 18,3 миллиард сўмни ташкил этувчи дам олиш маскани ҳудудида меҳмонхона, 5 та кемпинг, 2 та глемпинг, бассейн, ресторан ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм кластери ташкил этилди.
Шунингдек, 2024 йилда Хатирчи туманидаги Лангар маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бугунги кунда Лангар қишлоғида 20 та оилавий меҳмон уйи ва 5 турдаги қўшимча хизмат турлари ташкил этилган.

2025 йил 18-20 март кунлари Россия Федерацияси Москва шаҳрида ўтказилган “MITT-2025” халқаро туризм ярмаркасида “Ўзбекистон” ягона миллий стенди билан Навоий вилояти туризм соҳаси вакиллари иштирок этиб, вилоятнинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди.
2024 йилда вилоятга 420,2 минг нафар хорижий ва 2 миллион 485 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, 2017 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи 22 баробарга ошди. Туризм экспорти ҳажми эса 105 миллион долларга етказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи доирасида 2025 йилда Навоийга 500 минг хорижий туристни жалб қилиб, бу хизмат экспортини 150 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган эди. Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида вилоятга 52,6 минг нафар хорижий ва 269,5 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, туризм экспорти ҳажми 15,8 миллион долларга етказилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида корхона ва ташкилотлардаги меҳнат жамоалари, маҳалла аҳолиси, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳамда ёшларнинг республика бўйлаб ички туризм саёҳатларини ташкил этиш бўйича ўтказилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида корхона ва ташкилотларда фаолият олиб борувчи 32 минг 350 нафар ишчи-ходимларини республика бўйлаб саёҳатини ташкил этиш белгиланган.
Тадбирда иштирокчилар ички туризм йўналишида саёҳатларни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсияларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири