Навоий изларидан битилган сафарнома
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Jadid» газетаси журналисти, шоир, «Келажак бунёдкори» медали соҳиби Шаҳриёр Шавкатнинг «Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Афғонистонга, хусусан, Ҳирот шаҳрига бориб, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий мангу қўним топган муқаддас қадамжони зиёрат этиш кўплаб олимлар, ижодкорлар ва зиёлиларнинг орзусидир. Бу орзуга бугунги Янги Ўзбекистоннинг шижоатли ёшларидан бири — таниқли шоир, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Шаҳриёр Шавкат эришди. Ана шу шарафли ва айни пайтда машаққатли сафар натижасида унинг «Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» номли сафарномаси китоб ҳолида нашр этилди.
Китоб тақдимоти «Jadid» адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий газетаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган адабий анжуман доирасида ўтказилди.
Тадбирда «Jadid» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири, «Навоий Ҳиротда, Кобулда Бобур» маърифий лойиҳаси раҳбари Иқбол Мирзо, таниқли олим ва адабиётшунос Абдулла Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоатчилик фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директорининг ўринбосари, филология фанлари доктори Мақсуд Асадов ҳамда бошқалар иштирок этдилар.
Нотиқлар мамлакатимизда миллий маънавий-маърифий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар.
[gallery-30565]
«Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» китоби муаллифнинг қўшни Афғонистонга уюштирган ижодий сафари давомида орттирган таассуротлари асосида яратилган. Асарда Кобул, Ҳирот, Мозори Шариф, Балх, Андхўй, Тахор, Ғазни каби қадимий шаҳарлардаги бугунги ҳаёт, дарё ортида истиқомат қилаётган ўзбекларнинг турмуш тарзи ҳақида қимматли маълумотлар ўрин олган.
Китобнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз - Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Абу Райҳон Беруний, Мавлоно Лутфий Ҳиравий ва Гавҳаршодбегим каби буюк сиймоларнинг сўнгги манзиллари ҳамда мазкур тарихий қадамжоларнинг бугунги ҳолати ҳаққоний ва таъсирчан услубда ёритилган.
— Ушбу асар нафақат саёҳатнома ёки маълумотнома, балки ўзига хос илмий манба сифатида ҳам аҳамиятга эга, - деди «Jadid» газетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо. — Мамлакатимизда амалга оширилаётган тинчликпарвар ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсат туфайли ана шундай илмий-маърифий экспедициялар ташкил этилмоқда, юксак бадиий асарлар яратилмоқда.
— «Дориломон кунлар келди», деган ибора Шаҳриёр каби ёш ижодкорларнинг шижоатида ҳам яққол намоён бўлмоқда, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Унинг Ҳирот сафарига бўлган эзгу нияти амалга ошганининг ўзи катта маънавий жасорат намунасидир.
Филология фанлари доктори Мақсуд Асадов ҳам китоб ҳақида ўз фикрларини билдириб, унинг равон ва шоирона тилда ёзилганини, асарни маърифий роман сифатида ҳам баҳолаш мумкинлигини таъкидлади.
— Бу китобни ўқиб, шундай тинч ва осуда юртда яшаётганимиз учун шукроналар айтамиз. Асар китобхонни юртпарварлик ва миллатпарварлик руҳида тарбиялайди, - деди олим.
Тақдимотда сўзга чиққанлар улуғ аждодларимизнинг дунё бўйлаб тарқалган маданий меросини муҳофаза қилиш, уни тадқиқ этиш ва инсониятнинг умумий маънавий бойлиги сифатида тарғиб қилиш бугунги авлоднинг муҳим вазифаларидан бири эканини қайд этдилар. Улар Шаҳриёр Шавкатнинг «Jadid» газетаси ҳомийлигида амалга оширган ушбу сафари ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар.
Ранг-баранг мақолалар, сафар таассуротлари, туркум шеърлар ва адабий суҳбатларни ўзида мужассам этган мазкур тўплам кенг китобхонлар оммаси, тарихчилар ва адабиётшунослар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
— Ушбу китоб жаҳонга улуғ алломаларни берган халқимизга муносиб туҳфадир, - деди Шаҳриёр Шавкат. — Сафар давомида афғонистонлик ўзбеклар Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирдилар. Шу билан бирга, улар учун энг катта эҳтиёж ўзбек тилидаги адабий китоблар эканини айтиб, бундай нашрларни кўпроқ юборишни сўрадилар. Китобнинг нашр этилишида ҳисса қўшган устозларимизга, миллий адабиётимизнинг фидойи ва заҳматкаш инсонларига чуқур миннатдорлик билдираман.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга Шаҳриёр Шавкатнинг «Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» китоби туҳфа этилди.
Адабий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов ҳам сўзга чиқиб, китобнинг маънавий ва тарихий аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари