Профессионал футбол клублари учун йил якунлари бўйича умумлаштирилган таҳлиллар ўтказиш анъанага айланган. Шу жумладан, жорий мавсумда “Навбаҳор” футбол клубининг Суперлигада қайд этган натижалари юзасидан ҳам сарҳисоб қилинди.
Клубнинг расмий маълумотларига кўра, “Навбаҳор” 2025 йилги мавсумда Суперлигада 30 та учрашув ўтказиб, 10 та ғалаба, 10 та дуранг ва 10 та мағлубият қайд этди. Жамоа 40 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 7-ўринни эгаллади.
Наманганлик футболчилар ўз майдонидаги учрашувларда 7 та ғалаба, 6 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этган. Сафар ўйинларида эса 3 та ғалаба, 4 та дуранг ва 8 та мағлубият билан чекланган. Жамоа умумий ҳисобда рақиблар дарвозасига 41 та тўп киритиб, 37 та тўп ўтказиб юбoрган.

Муҳим жиҳат шундаки, “Навбаҳор” мавсумнинг 12 та учрашувида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Шунингдек, 2025 йилги мавсум давомида жамоа 7 марта мағлубиятсиз серия қайд этди.
Мавсум якунларига кўра, ярим ҳимоячи Аббосжон Ғуломқулов клубнинг “Йил футболчиси” сифатида эътироф этилди. У жами 33 учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 3 та голга ассистентлик қилди.
Шунингдек, футболчи Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан “Йил кашфиёти” совринига сазовор бўлди.
Умид қиламизки, 2026 йилги мавсумда “Навбаҳор” жамоаси ўзининг янги бош мураббийи Темур Кападзе қўл остида улкан марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА