Наманганда ёш қутқарувчилар маҳорат синовида беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ёшлар ишлари бошқармаси, Спорт бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёшларда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакаларини ошириш, жамоада ишлаш, тезкорлик ва масъулият ҳиссини мустаҳкамлашдан иборат.
Беллашувлар давомида иштирокчилар шартли фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, тўсиқлардан ўтиш, қутқарув амалий машқлари, биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда назарий савол-жавоб йўналишларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
Мусобақада умумтаълим мактаблари ва техникум жамоалари бешта шарт — “Савол-жавоб”, “Биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Дор йўли ва чодир”, “Юқори қаватларда ишлаш” ҳамда “Эстафета” бўйича беллашди.
Якунларга кўра, умумтаълим мактаблари ўртасида Учқўрғон тумани 27-мактабнинг “Халоскорлар” жамоаси биринчи, Чортоқ тумани 54-мактабнинг “Нажот” жамоаси иккинчи, Давлатобод тумани 56-мактабнинг “Шунқорлар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-29122]
Техникумлар ўртасида эса Янгиқўрғон тумани 1-сонли техникумнинг “Жасорат” жамоаси биринчи, Поп тумани 3-сонли техникумнинг “Қалқон” жамоаси иккинчи, Уйчи тумани 3-сонли техникумнинг “Туронлар” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолиб жамоалар мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА