Наманганда тўқимачилик корхоналари дунёга чиқди
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Наманган вилоятида Президентимизнинг 2026 йил 16-февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад-вазифаларнинг ҳудудлардаги ижросига қаратилган мониторинг олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида тўқимачилик саноатида хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳанинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу нуқтаи назардан, марказ ижрочи директори Элдор Туляков Тўрақўрғон туманидаги “Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Ифтихор кийим саноат” корхонаси фаолияти билан танишди.
Жараёнда хорижий инвестиция иштирокида амалга оширилаётган, умумий қиймати 198 миллион АҚШ доллари бўлган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси кўздан кечирилди. Лойиҳа учун ажратилган майдонда зарур бино ва иншоотлар барпо этилиб, замонавий ишлаб чиқариш ускуналари Германия, Италия, Туркия ва Польша давлатларидан олиб келинган.
Водий саноатида алоҳида ўрин тутувчи “Ифтихор кийим саноат” кластерида “хомашёдан маҳсулотгача” тамойили асосида, яъни пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар бажарилади.
Икки минг киши меҳнат қилаётган йирик корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 минг тонна мато маҳсулотларини ташкил этади. Тўлиқ қувватда йилига 120 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида жамият томонидан 10 минг тонна калава ип ишлаб чиқарилди. 700 мингга яқин эркаклар ва аёллар кийимлари тикилди. Натижада, Германия, Польша, Туркия, Миср, Хитой ва Россия давлатларига жами 10 миллион долларлик маҳсулотлар сотилди. Пировардида, экспорт салоҳияти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга ошди.
Мониторинг жараёнида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, экспорт ҳажмини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда яратилган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.