Наманганда банк бош юристконсультига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Наманган вилоятидаги банклардан бирининг бош юристконсульти хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттирмоқчи бўлди.
У Наманган шаҳридаги хусусий тиббий клиникалардан бири мазкур банкдан 2021 йилда олган 16,2 млрд сўм кредит маблағларини ўз вақтида тўлай олмаганлиги сабабли, гаров таъминоти сифатида қўйилган мулкларнинг аукцион савдоларига чиқарилишини 5-6 ойга чўзиб туриш ва кейинчалик уларни клиникага қайтариб бериш масаласини ижобий ҳал этиш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош юристконсульт клиника раҳбаридан сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.