Наманганда 16 минг нафардан ортиқ ўқитувчи малака синовларида иштирок этмоқда
Наманган вилоятида мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагоглари учун малака тоифа синовлари ўтказилмоқда.
Аттестация жараёнлари Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида замонавий талаблар асосида ташкил этилган. Синовлар реал вақт режимида, ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилган ҳолда онлайн тарзда ўтказилиб, жараёнлар кузатув камералари орқали доимий назорат қилиб борилмоқда.

Педагог кадрларга мутахассислик фани ва касб стандарти доирасида 40 та тест саволи ҳамда педагогик маҳоратни баҳолашга қаратилган 10 та топшириқ тақдим этилмоқда.
Аттестация натижалари QR-код жойлаштирилган электрон шаклда педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.

Жорий йил 7 апрелдан 4 майга қадар давом этадиган синовларда вилоят бўйича жами 16 минг 393 нафар педагог иштирок этади. Шундан 14 минг 444 нафари навбатдан ташқари, 1 минг 949 нафари эса навбатдаги мажбурий тартибда қатнашиши белгиланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА