Музработда каноп етиштирилади
Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида юқори даромадли ва саноатбоп янги экин – каноп ўсимлигини парваришлаш йўлга қўйилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, каноп қимматбаҳо луб тола ва мой олиш учун парваришланади. У агротехник талаблари юқори бўлган ўсимлик бўлиб, толасидан арзон ип-калава, экологик тоза мато, арқон, брезент ва гилам тайёрланади. Уруғидан шифобахш ёғ олинади. Қоғоз ва бошқа турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Каноп тез ўсади. Ер унумдорлигига мослашувчан. Қайта ишлаш имконияти юқори ўсимлик.
Каноп ёғининг овқат ҳазм қилишни яхшилаб, ич қотишини бартараф этиши, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраларида, йўтал ва нафас олиш аъзолари касалликларида шифобахш таъсир кўрсатиши аниқланган. Жигар ва буйрак касалликларида профилактик мақсадда қўлланилади.

Жорий йил туманда ўн гектар майдонда каноп етиштирилади. Айни пайтда “Гулбаҳор бешқўтон” фермер хўжалиги даласидаги тўрт гектар майдонга каноп уруғи сепилмоқда. Туман ҳокими Абдулла Маматқулов янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришга бел боғлаган фермернинг даласида бўлиб, экин майдонининг уруғ сепишга тайёрлигини кўздан кечирди. Каноп уруғини сепиш жараёнларини кузатди. Уруғни сифатли сепиб, экинни бир текис ундириб олиш юзасидан тегишли тавсияларни берди.

Янги лойиҳа туман қишлоқ хўжалигида янги йўналишни ривожлантириб, канопнинг маҳаллий хомашё базасини яратиш ва қўшимча иш ўринлари ташкил этиб, фермер хўжаликлари даромадини оширишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА