Мустақиллик – ўзлигимизни англаш, келажакка ишонч демак
Муносабат
Мамлакатимиз раҳбарининг инсон қадри, таълим, ёшлар, илм-фан ва жамият тараққиётига берилган эътибори айниқса муҳим. Чунки мамлакатнинг эртанги қиёфаси, аввало, билимли, эркин фикрлайдиган, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган авлод қўлида.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаш ҳамда синчковлик билан танишиш асносида, унда нафақат ўтган йиллар сарҳисоби, балки эртанги кунимизга дахлдор муҳим фикрлар мужассам эканини ҳис қилдим.
Айниқса, мустақилликнинг мазмун-моҳиятини инсон қадри ва эркин ҳаёт билан боғлаб талқин этилгани эътиборимни тортди. Зеро, мустақиллик фақат давлатнинг сиёсий мақоми эмас. У – инсоннинг ўз тили, тарихи, миллий қадриятлари ва келажагига эгалик қилиш туйғусидир.

Нутқда халқимизнинг кўп асрлик давлатчилик тарихи, аждодларимиз, жадидларимизнинг озодлик ва тараққиёт йўлидаги интилишлари алоҳида ёдга олинди. Бу, менимча, бугунги авлод зиммасидаги масъулиятни яна бир бор эслатади: бизга мерос қолган мустақилликни асраш билан бирга, уни мазмунан бойитиб, юртимизни янада тараққий эттиришимиз керак.
Мустақилликнинг ўттиз беш йиллиги – фақат байрам эмас, балки босиб ўтилган йўлга назар ташлаб, келажак олдидаги вазифаларимизни англаш учун ҳам муҳим сана. Юртбошимиз нутқида янграган фикрлар ҳар биримизни ўз соҳамизда янада масъулият билан меҳнат қилишга ундаши билан аҳамиятлидир. Зеро, Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти катта-катта шиорлардан эмас, ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнати, ташаббуси ва ўз касбига садоқатидан бошланади.
Каримахон Насридинова,
Наманган давлат педагогика институти ижтимоий фанлар факультети тьютори. ЎзА.