Мурожаатдан мулоқотгача
Фуқаронинг мурожаати унинг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам. Бу овоз эшитилган, муаммо эътиборга олинган ва масалага ечим изланаётганини англатади. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ўтказилган “Омбудсман мактаби” ҳам аҳоли мурожаатларини шунчаки қабул қилиш эмас, балки уларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий ечим излашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда фуқароларни қийнаётган масалалар бевосита эшитилиб, уларнинг ҳуқуқий жиҳатлари бўйича масъул мутасаддилар иштирокида фикр алмашилди.

Мулоқотдан аввал мазкур ҳудуддан Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинди. Бу эса учрашув кун тартибини умумий гаплар эмас, балки аҳоли учун ҳақиқатан ҳам долзарб бўлган масалалар асосида шакллантириш имконини берди. Шу тариқа очиқ мулоқотда кўтариладиган мавзулар сараланиб, уларнинг ечимига дахлдор давлат ташкилотлари ва идоралари вакиллари жалб этилди.

Учрашувда “Мирзадала”, “Ғалаба”, “Тошкент”, “Ержар”, “Янгидала”, “Мустақиллик” ва “Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирок этди.
Очиқ мулоқотда кўтарилган масалаларнинг қамрови ҳам кенг бўлди. Хусусан, меҳнат муносабатлари, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатлар, маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш, шунингдек, бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Аслида, фуқароларни қийнаётган ҳар бир масаланинг ортида муайян тақдир, оила манфаати ёки кундалик ҳаётга дахлдор муаммо туриши мумкин. Шу нуқтаи назардан, мурожаатларнинг эшитилиши билан бирга, улар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиши ва масъул идоралар иштирокида ечим изланиши мулоқотнинг амалий аҳамиятини оширади.

Тадбир давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича бевосита мутасаддиларга саволлар йўллаб, ҳуқуқий тушунтиришлар олди. Бу эса аҳоли ва давлат ташкилотлари ўртасидаги мулоқотни янада очиқ ва манзилли ташкил этишга хизмат қилди.

Кўтарилган масалаларни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди. Демак, “Омбудсман мактаби”нинг мазмуни фақат ҳуқуқий билим бериш билан чекланмай, фуқаронинг муаммосидан унинг амалий ечимигача бўлган жараённи қамраб олмоқда.

Бундай очиқ мулоқотлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бир қаторда, давлат идоралари фаолиятида мурожаатларга эътиборни янада кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, ҳуқуқий давлатда фуқаронинг сўзи эшитилиши — эътибор, унинг муаммосига ечим топилиши эса адолатнинг амалий ифодасидир.

Мирзачўлдаги “Омбудсман мактаби” ҳам ана шу тамойилнинг ҳаётий кўриниши бўлди: мурожаат эшитилса, муаммо ойдинлашади, муаммо ойдинлашса, ечимга йўл очилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари