Мулк ҳуқуқи, кадастр паспорти, мерос: Чилонзорда сайёр қабул
Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш, кадастр паспортини олиш ёки мерос билан боғлиқ масалалардаги муаммолар фуқаролардан нафақат вақт, балки ҳуқуқий билим ва тегишли идораларга мурожаат қилишни ҳам талаб этади.
Бундай вазиятларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг қонуний ечими бўйича аниқ йўналиш кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармалари масъуллари томонидан пойтахтнинг Чилонзор туманида сайёр қабул ташкил этилди. Қабул давомида 20 нафардан зиёд фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Уларда кадастр паспортини расмийлаштириш, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш, мерос билан боғлиқ масалалар ва кадастр соҳасидаги бошқа муаммолар кўтарилди.
Ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳияти ўрганилиб, ваколат доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этиш бўйича масъул ходимларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, қабул иштирокчиларига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кадастр хизматларидан фойдаланиш ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби бўйича зарур маслаҳатлар берилди.
Сайёр қабулларнинг аҳамияти шундаки, улар фуқароларнинг муаммоларини бевосита масъулларга етказиш, мурожаатларнинг сабабларини жойида аниқлаш ва масалаларни қонуний ҳал этиш механизмларини тушунтириш имконини беради. Айниқса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнларда аниқ ва ўз вақтида берилган ҳуқуқий тушунтиришлар ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Белгиланган режа-жадвал асосида давом эттирилаётган бундай қабуллардан кўзланган асосий мақсад ҳам фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда кадастр соҳасидаги муаммоларга амалий ечим топишдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА