Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд маросими бўлиб ўтди
Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти бошқармасига янги қабул қилинган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими тантанали руҳда ташкил этилди.
Унда аскарларнинг ота-оналари, яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган оилавий болалар уйи тарбияланувчилари иштирок этди.

Маросим давомида ёш аскарлар муқаддас Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга, юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали равишда қасамёд қилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу унутилмас кун билан ёш ҳарбий хизматчиларни самимий қутлаб, уларга хизмат фаолиятида матонат, жасорат, мустаҳкам ирода ва улкан зафарлар тилади.

Тошкент вилояти Бекобод туманидан ҳарбий хизматга чақирилган 19 ёшли оддий аскар Азизбек Олишев учун ҳам бугунги кун ҳаётидаги энг қувончли ва масъулиятли онлардан бири бўлди.
– Бугун Ватан олдида қасамёд қабул қилганимдан фахрланаман. Бу нафақат менинг, балки оиламнинг ҳам орзуси эди. Энди мен юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини сақлаш йўлида бор куч-ғайратим билан хизмат қиламан, – дейди оддий аскар Азизбек Олишев.

Таъкидлаш жоизки, бундай тантанали тадбирлар ёшларда ватанпарварлик, бурч ва масъулият туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири