Муаммолар ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, маданият ва санъат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича соҳа вакиллари, фаол ижодкорлар, тадбиркорлар ва изланувчан ёшлар билан туркум учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Очиқ мулоқот ва учрашувлар Президент Администрацияси вакиллари, маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида алоҳида тасдиқланган жадвал асосида 2026 йилнинг 20-25 апрель кунлари ташкил этилаяпти.
Мулоқотлар кино, академик ва анъанавий ижрочилик, адабий ижод, композиторлар ва бастакорлар, театр ва цирк, халқ ижодиёти ва номоддий маданий мерос, маданият ва санъат таълими, болалар контенти ва бошқа йўналишлар бўйича бўлиб ўтмоқда.
Очиқ мулоқотлар давомида соҳадаги мавжуд муаммолар кенг ва батафсил муҳокама этилмоқда. Амалий таклиф ва ташаббуслар қабул қилиняпти. Маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган янги ғоялар кўриб чиқилмоқда.

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида ташкил этилган ана шундай мулоқот давомида театр ва цирк санъати, ижодий ташклотлардаги бюрократияга барҳам бериш, умуман маданият муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш масалалари хусусида батафсил сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков театр масканларининг моддий аҳволини янада яхшилаш, композиторлар ва бастакорлар фаолиятига эътиборни кучайтириш, театрларда драматурглар ва режиссёрлар қамровини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Очиқ мулоқот давомида композиторларнинг асарларини янада кенгроқ тарғиб этиш, Ўзбекистон давлат филармонияси бадиий жамоалари репертуарига ўзбек композиторлари асарларини кўпроқ тавсия этиш, театрларнинг моддий-молиявий ҳолати учун имкониятларни тобора кенгайтириш ва бошқа шу каби йўналишлардаги амалий таклифлар Маданият вазирлиги раҳбариятига тақдим этилди.

–Бизда турли ташкилотлар билан тўғридан тўғри шартнома имзолаш имконияти мавжуд эмас, – деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори Алибек Абдураҳмонов. – Кейинги масала театр ходимларининг ойлигини ошириш масаласидир. Бу муаммони ҳал этиш энг яхши опера ва балет ижрочиларининг хорижга чиқиб кетишининг олдини олади.
Очиқ мулоқот давомида билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар батафсил ўрганилиб, таҳлил этилди. Энг долзарб ва амалий аҳамиятга эга фикр муаллифлари яқин пайт ичида давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказиладиган йиғилишга таклиф этилиши кўзда тутилмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири