Мўйноқда таълим сифати ошмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 17 та умумтаълим мактаби, 18 та давлат, 2 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 8 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 2 минг 525 нафар, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи эса 91,9 фоизни ташкил этади.
Тумандаги мактаб ва боғчалар халқаро грант танловларида фаол иштирок этиб, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқмоқда. Ўтган 2025 йил давомида тумандаги 4 та мактаб 105 минг долларлик инвестиция жалб қилишга эришди. Хусусан, “Замин” жамғармаси кўмагида мактабларда тоза ичимлик суви таъминланган бўлса, 3-мактабда ЮНИСЕФ кўмагида алоҳида ёрдамга муҳтож болалар учун замонавий инклюзив синфлар яратилди.
Халқаро ҳамкорликнинг жорий йилдаги натижаси сифатида эса 17-мактабдаги янгиланишларни мисол қилиш мумкин. Яъни, БМТ нинг Тараққиёт дастури асосида мактабда қиймати 51 миллион сўмдан зиёд бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди.
[gallery-28410]
Жорий ўқув йилида ўтказилган асосий фанлар олимпиадасининг Республика босқичида 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Акмаржjн Одилбоева қозоқ тили фанидан 2-ўрин ҳамда 10-синф ўқувчиси Нурсилув Бисенбоева қорақалпоқ (давлат) тили фанидан 3-ўринни эгаллади. Тумандаги 10-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Манзура Қулжонова эса география фанидан фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА