Мўғулистонлик “ҳокимлар” Самарқандда тажриба алмашди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Мўғулистон ҳукумат ишлари бошқармасининг ҳудудий бошқарув ва мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Пурев Зоригтбаатар бошчилигидаги делегация ташриф дастурига кўра, Самарқандга келди.
Меҳмонларга вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, деҳқончилик, чорва ва паррандачиликда эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди. Ўтган йил Мўғулистондан олиб келинган қўй ва эчкиларни парваришлаш жараёнларига эътибор қаратилди, бу борада тажриба алмашилди.
Мўғулистон ҳудудлари раҳбарлари Самарқанд туманидаги “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалигида интенсив балиқчилик фаолияти билан яқиндан танишди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Жабборов ва вилоят қишлоқ хўжалиги масъуллари билан учрашувда соҳада замонавий технологиялардан фойдаланишда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, якунда ўзаро меморандум имзоланди. Мазкур ҳамкорлик балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Меҳмонлар Жомбой фуманидаги “Bog'bon” ин-витро лабораториясида ток ва мевали кўчатлар етиштириш, иқлим шароитидан келиб чиқиб кўчат танлаш ва парваришлаш билан боғлиқ жараёнларни кузатди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири