Мисрнинг собиқ ТИВ раҳбари Араб давлатлари лигасига раҳбарлик қилади
Бир вақтлар Миср ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган таниқли сиёсатчи Нобил Фаҳмий Араб давлатлари лигаси (АДЛ) янги бош котиби этиб сайланди. Бу ҳақда “Al Arabiya” нашри юқори мартабали дипломатик манбаларга таяниб хабар тарқатди.
– У (Фаҳмий – Таҳририят) Араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши 165-сессиясида ташкилотга аъзо мамлакатлар вакиллари томонидан бир овоздан сайланди ва 1 июлдан расман ишга киришади, – дейилган ахборотда.
Номзод 2016 йилдан бери тузилмани бошқариб келаётган Аҳмад Абул Ғайтнинг ўрнини эгаллайди.
Араб дунёсидаги энг номдор дипломатлардан бири ҳисобланган Нобил Фаҳмий 2013 йил июнидан бошлаб бир йил давомида инқилобдан кейинги муҳим даврда Миср ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Нисбатан қисқа муддатда у мамлакатининг минтақавий мавқеини тиклашда фаоллик кўрсатган. Шунингдек, 1999-2008 йиллари Миср Араб Республикасининг АҚШдаги элчиси сифатида БМТнинг бир неча қуролсизлантириш қўмиталари таркибида вакиллик қилган.
С.Раҳимов, ЎзА