Минтақавий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик
Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш барқарор тараққиётнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда.
Айниқса, тарихий ришталар, муштарак қадриятлар ва умумий манфаатлар билан боғланган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик минтақанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 7–9-октябрь кунлари Туркманистонга амалга оширган амалий ташрифи, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитидаги иштироки ана шу мақсадларга қаратилган муҳим халқаро мулоқотлардан бири бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, икки мамлакат ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик Кенгашини тузиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, устувор йўналишлардаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни изчил амалга ошириш учун муҳим институционал асос яратади.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, чегараолди савдо муносабатларини фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилгани икки мамлакат ҳамкорлигининг амалий аҳамиятини янада оширади.
Айниқса, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар очиш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар орасида минтақавий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, замонавий транспорт йўлакларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда яшил энергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Бундай ёндашув давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни оддий товар айирбошлаш доирасидан чиқариб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратиш ва янги технологияларни жорий этиш босқичига олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Минтақамиз учун долзарб бўлган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал этиш масалалари ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда ушбу муаммоларни алоҳида давлатлар доирасида эмас, балки ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш юксак аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари, қўшни давлатлар билан очиқ ва конструктив мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бунда асосий эътибор ўзаро манфаатларни уйғунлаштириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилмоқда.
Президентимизнинг Туркманистонга амалий ташрифи ва халқаро саммитлардаги иштироки Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсатининг муҳим жиҳатларини намоён этди. Эришилган келишувлар ва илгари сурилган ташаббусларнинг амалиётга изчил татбиқ этилиши давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Марказий Осиёда барқарор тараққиёт учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА