Миллий юксалишнинг янги босқичи: 7 та дастур – ягона мақсад
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ айёми миллий давлатчилик тарихимизда мутлақо янги сиёсий ва ҳуқуқий босқични бошлаб берди. Янги Тошкентнинг муҳташам майдонида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сўзланган тарихий нутқ нафақат ўтган даврда эришилган натижалар ҳисоботи, балки келажак ўн йилликга мўлжалланган миллий юксалишнинг мукаммал ва стратегик харитасига айланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ва қонун ижодкори сифатида ушбу нутқда илгари сурилган устувор вазифаларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш ҳамда парламент назорати механизмини самарали йўлга қўйиш энг бирламчи ва муқаддас бурчимиздир.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мустақиллик бизга ўзлигимиз, миллий тилимиз, муқаддас қадриятларимиз ва жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги армонларини тўлиқ қайтариб берди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотларнинг энг муҳим ва эътирофга лойиқ натижаси – “Инсон қадри учун” деган улуғ ғоянинг давлат сиёсати марказига олиб чиқилганидир.

Хусусан, “пахта қуллиги”, болалар ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди, конвертация чекловлари бекор қилинди ҳамда йиллар давомида фуқароларни қийнаб келган “прописка” тизими тарихда қолди. Катта сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон дунёга кенг очилди. Мамлакатимиз “Иқтисодий эркинлик индекси”да 80 поғона юқорилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Камбағалликни қисқартириш бўйича яратилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ва манзилли ёрдам кўрсатиш механизми натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кирган 10 миллион юртдошимизнинг қувончи мужассам.
Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими 4 баробар камайгани, 650 мингдан зиёд оила янги замонавий уй-жойга эга бўлгани – ижтимоий ва ҳуқуқий давлат тамойилларининг ҳаётдаги бевосита амалий ифодасидир.
Президентимиз ўз нутқида келгуси ўн йиллик миллий юксалиш даври бўлишини таъкидлаб, мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та Миллий дастурни амалга ошириш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу стратегик ташаббуслар, энг аввало, инсон капитали ва ижтимоий муҳофазани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, унда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини тубдан модернизация қилиш, 6 ёшли болаларни боғчага 100 фоиз қамраб олиш, миллий олийгоҳларни ТОП-1000 таликка киритиш ҳамда тиббий суғуртани барча хонадонларга татбиқ этиш каби мақсадлар устувор этиб белгиланган. Шу билан бирга, 450 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ва сунъий интеллект, IT соҳаларини ривожлантириш орқали ЯИМ ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, сув тежовчи технологияларни 100 фоизга етказиб, экологик барқарорликни таъминлаш назарда тутилган.
Иккинчи томондан, дастурлар жамиятда адолат ва барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилиб, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги, кибержиноятчилик ва “яширин иқтисодиёт”га қарши кураш ҳамда аёллар ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилишни қамраб олади. Маҳалла давлат ва инвестиция дастурларининг бош буюртмачисига айлантирилиб, аҳоли эҳтиёжлари биринчи ўринга олиб чиқилади. Ташқи сиёсатда эса Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, иқтисодий дипломатия ва Қўшилмаслик ҳаракатига бўлажак раислик орқали Ўзбекистоннинг тинчликпарвар вазмин мақоми мустаҳкамланади.
Ўз навбатида бу дастурлар Қонунчилик палатаси зиммасига ҳам улкан ва масъулиятли вазифаларни қўяди. Жумладан, 7 та Миллий дастурнинг ҳар бири бўйича тегишли қонун лойиҳаларини пухта ва халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги кодексларни замон талабларига мослаштириш, ажратилаётган бюджет маблағлари, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларининг маҳаллаларда шаффоф ҳамда манзилли ишлатилиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган 7 та Миллий дастур 35 йиллик мустақил тараққиёт йўлимизнинг мантиқий давоми бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликдаги буюк юксалиш харитасини белгилаб беради. Бу стратегик ташаббуслар истиқлолимиз берган энг олий неъмат – инсон қадри, миллий ўзлигимиз ва суверенитетимизни янада мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Мустақиллик йилларида тўпланган бой тажриба ва ягона мақсад атрофида бирлашган халқимизнинг бунёдкорлик қудрати белгилаб олинган юксак марраларга, албатта, эришишимизни ҳамда Ватанимизнинг янги ва олтин тарихини биргалиқда барпо этишимизни тўлиқ кафолатлайди.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА