Миллат отаси ёхуд Ўзбекистон Президенти қалбидаги орзу-армонлар ва ташвишлар ҳақида фалсафий достон
---
1
Таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Шавкат Мирзиёев инқилоби ёхуд мен нима учун Президентим билан ғурурланаман?” сарлавҳали эссесини ўқигач, ундан олган таассуротларимга айнан шундай сарлавҳа қўйдим.
Нега? Аввало шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда Қудратилла Рафиқовнинг ҳар бир чиқишлари – мақола ва эсселари сиёсий майдонда, ўзбек журналистлари орасида ўзига хос “силкиниш – зилзила” ва гўзал “шов-шув”лар пайдо қилаётир. Ҳар бир ўзбекистонлик – ўзбек юрагида кенг акс-садо берадиган бундай “шов-шув”ларга ўргандик ва, ҳатто, кутадиган ҳам бўлдик. Кечаги эсседа сиёсатшунос-адиб мазкур ҳақиқатни яна бир карра намоён этди.
Олдиндан огоҳлантириб қўяй, бу эссени шунчаки ўқиб бўлмайди. Уни қўлга қалам олиб, ҳар жумла ва ҳар фикр атрофида чуқур ўйларга толиб, мулоҳаза ва тафаккур қилмаган киши эссенинг туб маъноси – илдизига етолмайди. Гап унда биз учун сал бегонадек туюлган хорижий ва техник иборалар, терминларнинг кўплигидагина эмас. Асар одамзот руҳониятидаги, жамият қатламларидаги мураккаб эврилиш жараёнлари, миллат номли улуғ қавмни уйғотиш машаққатлари ҳақида эканидадир. Зеро, осмонўпар қўрғонлар бунёд этиш, сершовқин дарёлар очиш мумкин, албатта. Аммо миллат ва жамият вужудидаги мудроқ булоқларнинг кўзларини очиш ҳеч замонда осон бўлган эмас.
Эсседа юртдошларимиз зеҳниятидаги мана шу мураккаб жараёнлар аниқ мисоллар воситасида юксак маҳорат билан талқин қилинганки, уларнинг моҳиятини англамоқ учун кўксингда катта илму тафаккур дарёси баробарида илкингда чинакам ватанпарварлик туйғулари ҳам барқ урмоғи даркор.

2
Тарихдан маълум, биз юз йилдан кўп вақт мобайнида қарамлик ва қуллик исканжасида яшадик. Шўро даврида шундай кунлар ҳам бўлдики, ҳовлимизда битта товуқхона қурмоқчи бўлсак ҳам марказнинг рухсатини сўрашга мажбур эдик.
Шу ўринда муаллиф томонидан асли келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган АҚШлик тадқиқотчи Эрика Маратнинг “Совет даврида нафақат ошхона географияси, миллий уст-бошимиз ҳам марказдан «лойиҳалаштирилган», “...ҳар бир республикага номини берган этник гуруҳга стандартлаштирилган «анъанавий» таомлар ва кийиниш турларининг муайян тўплами тепадан белгилаб берилган” деган сўзларини келтиргани беҳуда эмас.
Советлар замонида нафақат кийим-кечак ёки қурилиш, балки, оммани бошқариш учун “уни ажратиб, парчалаб бошқар”, деган қоида ҳукмрон бўлди. Шўро сиёсатида бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Грузия, Арманистон, Осетия, туркларни халифат, хонлик, беклик эмас: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, форс-тожикларни ҳам қўшиб: Тожикистон қилиб бир хилда стандартлаштирилди.
Советча стандартлаштириш “анъана”си неча-неча йиллар ўз таъсирини кўрсатди: ўша даврда қад ростлаган бинорлар архитетурасига бир қур назар ташлаган киши буни дарров англаб олади. Айниқса 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин қурилган иморатлар, улар Мустақиллик майдонида бўладими, Сирғали, Чилонзор ёхуд Юнусобод мавзеларидами бир қолипдан чиққан жўжалар мисоли ўхшаш.
Шу ўринда сўнгги беш-ўн йилда бунёд этилган Янги Тошкент, Янги Самарқанд, Янги Андижон ёхуд ҳақиқий Шарқ меъморчилиги анъаналарини ўзида акс эттирган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказию Самарқанд шаҳри ёнида қад ростлаган Исмоил Ал Бухорий мажмуаси, Самарқанд аэропорти каби кошоналарни бир кўз олдингизга келтиринг. Қарангки, катта илҳом, бетакрор ижод маҳсули, ҳақиқий санъат асарлари шу заҳоти жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳурмату эҳтиром билан эътироф этилар экан. Улардан иккитаси зудлик билан Гиннес китобидан ўрин олди. Бу ҳар гал ҳам эътироф этиладиган ҳодиса эмас. Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанснинг илк кўринишлари эмасми булар?! Ҳали бундай улуғвор мажмуалар кўплаб қурилади.
Хўш, қаёқдан пайдо бўлди бундай улуғвор ўзгаришлар? Қандай заминда дунёга келади бир-биридан муҳташам шаҳарлару қасрлар? Албатта, тинч ва осойишта мамлакатда. Мамлакат эса аслида катта оила. Оиладаги тинчлик ва осойишталикка ҳамиша оила бошлиғи – ота бош-қош. Демак, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс меъмори ҳам давлат раҳбари. Давлатимиз раҳбарининг каттаю кичик томонидан Миллат отаси мақомида улуғланаётганининг сабаби ҳам ана шунда.
Фақат шаҳар ёки туман марказларида эмас, олис - олис қишлоқларда ҳам улуғвор тарихий ўзгаришлар содир бўляптики, уларнинг қай бирини тилга олишга шошиб ҳам қолади гоҳида киши. Келинг, ўзим туғилиб ўсган Ургутга алоқадор воқеалардан бирини сизга айтиб берайин.
Бир маҳаллар қишлоғимизда колхознинг катта молхонаси бўлган. Молхонани “Замонавийлаштириш” шиори остида чўпон-чўлиқларга осон бўлсин учун молхонадан чуқургача 25-30 қадам узунликда темир излар ётқизилган. Раҳматлик отам оддий колхозчи бўлса ҳам ғурури баланд одам эди. Қишлоқ ва қишлоқдошлари шаъни учун қайғуришни ўзи учун шарафли бурч деб ҳисоблар ва мавриди келганда бошқалардан кам эмасликни кўрсатиб қўйиш мақсадида озгина лоф ҳам қўшиб юборарди.
Қиш кунларининг бирида ҳамқишлоқлар эшак-отларни йўрттириб, туманнинг нариги томонидаги овулга тўйга боришади. “Бизнинг қишлоқда зўр мактаб қурилди” деб мақтаниб қолади гурунг пайти мезмонларнинг “оғзи катта”си. “ Э-э, кейинда қопкетибсизлар-ку!” – дарров жавоб қайтаради отам. – Анча бўлди бизнинг қишлоққа поезд келганига!”
Тўйдан қайтишаётганда ҳамқишлоқларимиз “Кўчимбой, лоф ҳам эви билан-да. Кўчангизда эшак арава аранг юради-ю, поезд дейсиз-а-а!” – деб отамга танбеҳ бермоқчи бўлишади. Шунда отам “Молхонадаги темир излар поезд йўли бўлмай, нима?” деб ҳаммани кулдиради.
Ўтган асрнинг 60-йилларидаги ҳангомалар бу. Қанча сувлар оқиб кетди ўшандан бери. Замонлар ўзгарди, советлар барҳам топди, мустақил бўлдик. Аммо атиги ўн йил аввал ҳам бу гапларга ҳеч ким ишонмас, тушингни сувга айт деб масхара қиларди. Қаловини топса, халқ қалқса, асрларга татигулик ишлар бўлиши мумкин экан ўн эмас, икки-уч йил ичида ҳам. Ургут темир йўли бунга битта мисолдир. Йўл Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 10 октябрда имзолаган қароридан кейин режалаштирилди. 2025 йилнинг 25 май куни ўтказилган тақдимотда эса давлатимиз раҳбарига мазкур йўлнинг 7 километрига темир излар ётқизилгани тўғрисида ахборот берилди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас 55 километр узунликдаги темир йўл қуриб битказилди. Одамларнинг кўз ўнгида афсоналар ҳақиқатга, эртаклар чинга айланди.
55 километр! От-арава ёки машина йўли эмас – темир йўл. Яна қаерда? Мамлакатимизнинг Тожикистон билан чегарадош сарҳадларида!
Бу йўлнинг ишга туширилиши туфайли қанча одамлар ишли бўлгани, тожикистонлик неча юзлаб биродарларимиз ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилгани, логистик имкониятлар кенгайгани, туманда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ташиш харажатлари камайгани, аҳолининг узоғи яқин бўлгани бир масала, темир йўл хосияти билан Ургутда янги шаҳар пайдо бўлаётгани эса ҳар қандай кўнгилни ифтихорга буркамай қўймайди.
Фақат Ургут эмас, Тошкент вилоятининг Паркент ва Бекобод туманларига, Хоразмнинг қадимий Хива шаҳрига ҳам поездлар борди қисқа вақт орасида.
Ургут – Самарқанд темир йўлининг очилиш маросимида Президентимиз иштирок этдилар. Биринчи поезднинг биринчи йўловчилари сафида бўлганимдан ҳануз ғурурланаман. Поездда кетаётганимизда Шавкат Миромонович ўзига ярашган табассум билан: “Ургутга жуда катта маблағлар олиб келяпман, ҳали айтаман”, деганлари эса ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди. Давлатимиз раҳбарининг ёқимли табассумида зоҳир бўлган сир меҳнаткашлар билан бўлган учрашувда аён бўлди – Ургутда юз минг кишилик янги шаҳар бунёд этиш хабари очиқланди! Юз минг! Чўтга солиб кўрсангиз бу дунё харитасидаги бутун бошли айрим мамлакатларнинг жами аҳолисидан зиёд.
Кўп ўтмай Янги Ургут кўкка бўй чўза бошлади. 9, 12, 20 қаватли уйларга бирин-кетин бахтиёр оилалар кўчиб кираверди. Буям майли-я, 30 - 40 йил аввал биттагина винзаводи-ю, биттагина музқаймоқ ишлаб чиқариш цехи бўлган туманда бугун 400 хилдан ортиқ саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганига нима дейсиз? Ўн йилда, бор-йўғи ўн йилда дунёга келди ва келаётир шуларнинг ҳамма-ҳаммаси!

3
Эссени ўқиётиб, ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи ёдга тушди. Қаҳҳор домламиз ўқувчилар билан ўтган учрашувларнинг бирида мустамлака масаласига тўхталиб, ички исёнини: “Биз ҳатто колонизатор-мустамлакачиларга ҳам ялчимаган эканмиз”, дея ифода этади.
“Пахта кампанияси” дейилмиш аянчли манзаралар “ялчимаганлик”нинг оғриқли манзараларнинг яна биридир. Бу мавсумдаги азоб-уқубатларни бир эслайлик. Барча машмашалар ҳамманинг кўзи олдида, очиқчасига, тазйиқ билан, мажбуран амалга ошириларди. Ҳар йили минг-минг, ҳатто миллионлаб мактаб ўқувчилари, талабалар, ишчи-хизматчилар ойлаб ўқиши, ишидан ажратилган ҳолда қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинарди. Қаршилик қилганларга иши-ўқишидан ҳайдашга қадар жазо чоралари қўлланиларди. Натижада ўқув дастурларини ўзлаштиролмаган минг-минглаб чаласавод мутахассислар пайдо бўлар эди мамлакатда. Миллион-миллион тонна пахта етиштирсак-да, пахтадан тўқилган оддий чит, сурп матоларига зор эдик. Шундай пайтлар бўлганки, майитнинг кафанига пахтадан тайёрланган 5-6 метрлик оддий сурп ҳам Маҳалла қўмитасига расман мурожаат қилинганидан кейингина олинар эди. Дўконларда йўқ эди. Не-не машаққатлар билан Ўзбекистонда етиштирилган 4-5 миллион тонна пахта ҳосили Москвада Госплан деган идорада тақсимланарди. Инсон қадри, инсон манфаатларига муносабат ана шундай ачинарли аҳволга тушиб қолган эди. Ҳатто Ўзбекистоннинг буюк ва қадрли Биринчи раҳбари, Иккинчи Жаҳон уруши қаҳрамони Шароф Рашидов пахта йиғим-терими пайтида, далада жон таслим қилди.
4
Ҳа, олис тарихимизда ҳам, яқинида ҳам афсусланадиган, ўкинадиган нуқталар оз эмас. Халқимиз босқинлар, талонлар, қатағонлар остида азоб чекди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳабиб Абдуллаев каби юз-юзлаб буюк истеъдод эгаларини эҳтиётлаб, ҳимоя қила олмади. Ваҳоланки, эсседа қайд этилган машҳур қозоқ сиёсатчиси каби биз америкалик ёки германиялик, японияликларни (уларнинг ноёб қобилияти, истеъдодини тан олган ҳолда) орамиздан қидирмаймиз, ўзимизнинг истеъдодларимиз бор, уларни асраб-авайлаб, исроф қилмай сақлаб қолсак шунинг ўзи бас. Аллоҳга шукрлар бўлсинки дид, фаросат жонимизда, қонимизда, онгимизда, ўзимизда етарли”.
Президент Шавкат Мирзиёев оқилона сиёсати туфайли тарихий фожеалардан қутилдик, миллий бойлигимиз – ноёб истеъдод эгаларини асраш, уларни қўллаб-қувватлаш замонига етдик. Бугун барча соҳаларда бўлгани каби юксак истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўсиб келаётган ёш ниҳолларни тарбиялаш борасидаги ибратли юмушлар оз эмас. Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантиришга қанчалар эътибор берилса, илм-фан, ўқиш-ўргатиш, маънавият ва маърифатга ундан-да кўпроқ диққат-эътибор қаратиляпти.
Давлат раҳбари қай манзилга бормасин, кимлар билан учрашмасин иқтисодиёт ва маънавият миллатнинг иккита қаноти бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидлаяпти, бу йўналишда ўнлаб, юзлаб ташаббусларни ўртага ташлаётгани ҳам аён ҳақиқат.
Аслини олганда мамлакат дегани ҳам каттакон рўзғор. Дастурхон тўкинлиги, оила бахти, унинг келажаги учун эса рўзғор каттакони - отаси қайғуради? Миллат тақдири учун эса давлат раҳбари – миллат Отаси қайғурмоқда...
5
Қудратилла Рафиқов ушбу эссе орқали биз журналистлар, қалам аҳлига ҳам кўзгу тутди. Камчилигимиз, хижолат бўладиган жойларимиз кўплигини кўрсатди.
Айниқса, Президент фаолиятини кенг оммага етказишдаги уқувсизликларимизни (бу масала тўғридан-тўғри ўзимга ва касбдошларимга алоқадор бўлгани туфайли) мен ҳозирги долзарб юмушларнинг энг биринчиси, деб ҳисоблайман. Ўзбек тили луғатида “мадҳ” ва “маддоҳ” деган сўзлар мавжуд. Илдизи ўхшаш бўлсада бу сўзларнинг маъно-мазмуни айрича. Биз эса кўпинча “мадҳ”ни “маддоҳ”ликка айлантириб юборамиз. Гўё шундай қилсак ёзганларимиз бекаму кўст бўладигандай. Бор, қилинган, қилинаётган ишларнинг моҳиятини кўсатиб беришга эринамиз ёки салоҳиятимиз етмайди. Ёзганларимизда бир қоп ёнғоқ мисоли “шалдир-шулдир” гаплар кўпайиб кетади. Амалга оширилаётган ишларни таҳлиллар асносида кўрсатишни эплолмаётибмиз. Яна бир тоифа ижодкор дўстларимиз эса “дунёни сув босса, ўрдакка не ғам” дегандек мудраб, уйқусираб юрадилар. Ваҳоланки, мамлакатимизда адабиёт ва санъатга ҳеч қачан, шу сўзни яна бир карра такрорлайман – ҳеч қачон бугунгичалик ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган эмас! Ҳар йили ўнлаб ёзувчи ва шоирлар, актёр ва бошқа санъаткорлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланяпти, уларга уй-жойлар бериляпти, турли шаклларда ардоқланяпти. Аммо, шундай ҳамкасбларимиз борки, жиллақурса ижтимоий тармоқларда фикр айтишни ҳам ўзларига эп кўришмайди. Масалага масъул ташкилотлар эса тадбирбозликлару учрашувбозликларга ҳаддан ортиқ кўп вақт сарфлашмоқда. Ваҳоланки, кўпайган матоҳ ҳамиша арзонлашади, қадрсизланади.
Мамлакатимизда ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни шарҳлаб берадиган институтлар, экспертлар, интеллектуал гуруҳларнинг овози ҳам сезилмайди. Интеллектуал доираларни, зиёлиларни, халқни ўйлашга, фикрлашга, хулосалар чиқаришга, қалбларда қатланиб ётган дардларни уйғотиб юборишга ундовчи таҳлиллар оз, жуда кам.
6
Қ. Рафиқов бу асарида, ўз таъбири билан айтгганда, икки “ялтироқ” сўз – “инқилоб” ва “ғурур” истилоҳларига изоҳ бериш орқали бугунги жамиятга кўзгу тутади, инсон ва мамлакат тараққиёти учун тафаккур озодлиги қанчалар муҳим эканига урғу беради, сизу бизни мулоҳаза юритиб, тафаккур қилишга ундайди. Ва сизу бизга гоҳида майда, анчайин аҳамиятсиздек бўлиб туюлган “кичик” нуқталар ортида ўта муҳим ҳаётий ҳақиқатлар ётгани таҳлил қилади. Айнан ана шу таҳлиллар фонида “инқилоб”, “ғурур” ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қиёфаси намоён бўлади.
Миллат яхлитлиги мужассамлашган мазкур учлик уйғунлашувида беихтиёр қалбингизга қулоқ тутасиз, шу маҳалгача англамаётган кўп нарсаларни фаҳмлагандек бўласиз, шу бутунликнинг яхлит бир занжири бўлишни кўнглингизга тугасиз.
Абдулла Қаҳҳор: “Мен катта-кичик деган нарсани тан олмайман. Наҳотки пахта учун кураш йирик бўлса-ю, бола тарбияси кичик...” деб ёзган эди. Миллат, мамлакат тақдири ҳақида гап кетаётганда ёки йўловчи катта йўлга чиққанда “майда” масала бўлиши мумкинми?
Йўқ, албатта.
Жамият қачон ўзгаради? Уни ўзгартирадиган куч борми?
Албатта, бор. Бу Одам. Унинг тафаккури.
Инсон руҳидаги озодлик эпкинлари жамиятни ўзгартиради. Бунга ишонаверинг. Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон том маънода янги қиёфа касб этганининг туб илдизи ҳам шунда. Бу эврилишлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, албатта. Аммо, шундай бўлса-да, гувоҳмиз, ҳаммаси – беш, ҳаммаси жойида, деб баралла айтишга ҳали бор.
Сабаб?
Сабабга ўтишдан авал бобомерос қадим ривоятни эсланг: узоқ вақт қафасда сақланган қуш ниҳоят озодликка чиқади. Эшик очилади. Қушча панжара ортидангина кўрган, талпинган кенг осмон сари парвоз қилади. Аммо бир муддатдан кейин не кўз билан кўрингки, яна ўша ўзи ўрганган қафасга қайтиб киради...
Қудратилла аканинг эсселарида акс этган оғриқли нуқта, баъзи одамлардаги ана шу – “қафас соғинчи”.
Бир мисол. Бундан ўн йиллар олдин маҳалла фуқаролар йиғини идоралари пештоқида катта-катта ҳарфларда ёзилган бир хил шиорлар урф эди. “Шаҳар бедарвоза эмас!” Ва айнан ушбу ёзувлар остида яна шундай битта даъват ҳам бўларди: “Ўз уйингни ўзинг асра!”.
Биринчи шиордан кўнглинг ғурурга тўлса, кейингисидан кўнгилга ғулғула тушарди. Бу “ақлли” шиор ва “даъват” бири бирини инкор қилиб тургани ҳеч кимни қизиқтирмасди.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач “Инсон қадри учун” деган ғоя ўртага чиқди. Ва бу шунчаки қоғозга ўралган қуп-қуруқ шиорнинг ўзи эмас эди. Тез орада маҳаллаларимиз ҳаётимизнинг энг қайноқ нуқталарига айланди. Халқимизнинг ҳалоллиги, меҳнаткашлиги, энг оғир синовларни ҳам матонат билан енгиб ўта олишига тарих кўп бор гувоҳ бўлган.
Шу жойда муаллиф ибрат ўлароқ Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаевнинг собиқ совет иттифоқи йиқилиб, минтақа давлатлари мустақилликни қўлга киритган илк йиллар ҳақидаги қуйидаги фикри ўта аҳамиятли. “...ростини айтсам, 90-йилларда, президент бўлганимда, менда бир шубҳа бор эди: қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб кета оладими, ўзбеклар билан рақобатлаша оламизми, деб кўп ўйланардим. Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар совет давридаёқ бунга тайёр бўлган. Аммо барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Шунинг учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар рақобат бўлиб, Ислом Каримов Ўзбекистонни очиб қўйганда эди, мана, ҳозир Мирзиёев каби дунёга очилганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик”.
Таниқли қозоқ шоири, давлат ва жамоат арбоби Ўлжас Сулаймонов эса ўтган аср бошларида бўлган очарчилик йиллари ҳақидаги сўзлари билан ўзбек халқи азалдан нақадар меҳнаткаш эканини улуғлайди. “Миллионлаб қозоқлар ҳаётнинг бу синовига дош беролмай очликдан қирилиб кетди. Ён қўшнимиз ўзбеклар эса бу машаққатларни матонат билан енгиб, деярли талафот кўрмади. Улар меҳнаткаш, энг оғир дамларда ҳам яшаб қолиш йўлларини билишади. Агар қозоқ халқи ўзбеклардан ўрганганда очарчилик йиллари бунча кўп қурбонлик бермаган бўлар ва бугун қозоқлар нуфуси ҳозиргидан бир неча миллион кўп бўларди, – дейди ва – “ҳозир ҳам ўзбеклардан ўрганиш керак...” дея давом этади.
“Шавкат Мирзиёев инқилоби ёхуд мен Президентим билан нега ғурурланаман?” эссеси кишида ўз миллати ва Ватани билан фахрланиш туйғуларини кучайтиришга даъват этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
7
Давлатмиз раҳбари халқимизга суяниб, унинг орзу умидларини кўзлаб туну кун меҳнат қилаётганини кўриб турибмиз. Ўзбек халқи эса Асқар Акаев, Ўлжас Сулаймонов таъкидлаганидек, ҳеч қандай қийинчилик олдида таслим бўладиган анойилардан эмас. Аксинча, унинг қонида яратувчанлик, бунёдкорлик ва бағри кенглик ҳар доим бўлган ва шундай бўлиб қолажак.
Ана шундай бунёдкор халққа муносиб йўлбошчининг борлиги Яратган Эгамнинг халқимизга чексиз марҳаматидан ўзга нарса эмас.
Сўнгги ўн йил ичида мислсиз ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Юз йилликлар давомида бунёдкор халқимиз йўлига, онги, руҳига қўйилган тақиқ, тўсиқлар чилпарчин бўлди. Биз шуларни ўз кўзимиз билан кўрдик, таъбир жоиз бўлса шуларни ичида бўлдик, яшадик.
Бир вақтлар бузиб ташланган бошқа йўллар ҳам тузатилди. Бир-бирига деярли бегоналашиб қолган минтақадаги беш давлат бир муштга айланди. Эндиликда жаҳоннинг энг йирик давлатлари Марказий Осиё томон интилмоқда. Пул муаммоси бартараф қилинди. Ўз ойлигини ололмай, баклар атрофида саргардон кезинишлар тугади. Минг-минглаб ишсизлар ишли бўлди. Камбағаллик даражаси 50-60 фоиздан 5-6 фоизга тушди. “Босмачи” деб ҳақоратланган халқ қаҳрамонлари ҳақида биринчи бўлиб роман ёзган Мамадали Маҳмудов каби ўнлаб беайб ижодкорлар қамоқлардан озодликка чиқарилди.
Турли сабаблар билан чет элларга кетиб қолган ва уруш ўчоқларида қийналган ватандошларимиз, уларнинг аёллари, болалари юртга олиб келинди. Адашганлар кечирилди, кечирилмоқда. Умуман, хорижда юрган ўзбекистонликларга Ватан даврвозалари катта очилмоқда.
Уларни санаб, саноғига етиш қийин.
Хўш, бундай ғамхўрликларни амалга оширишга ким журъат қилади?
Ота!
Мамлакат фуқароларини ўз фарзанди, деб билгувчи ота.
Миллат отаси. Эл-юрт манфаати учун қайғурадиган сардорни оддий халқ “ота” деб улуғлаётганининг асл сабаби ана шунда. Ҳа, Президент Шавкат Мирзиёев она халқининг мўътабар иззатига сазавор бўлди. ОТА мақомига эришди.
Қудратилла Рафиқовнинг эссесини ўқир экансиз, беихтиёр кўнглингиздаги туйғуларни тилингизга чиққанини билмай:
– Шавкат Мирзиёев – менинг Президентим!
– Шавкат Мирзиёев Миллат отаси! – деб юборганингизни сезмай қолишларингизнинг сабаблари ҳам ана шунда – Миллат отасига бўлган чексиз меҳру муҳаббатингизда.
8
Талонлар, босқинлар, қирғинлар, қонхўрликлар авж олган; тинч мамлакатнинг осойишини кўролмовчилар томонидан қўни-қўшниларни бир-бирига гиж-гижлаш, тоза булоқларни лойқалатиш йўлида фитналар уюштирилаётган алғов-далғов замонда торози палласини теппа-тенг ушлаб туриш ҳазилакам гап эмас. Мамлакат тинчлигини асраш учун одамда қанча қобилият, маҳорат, сиёсий ирода, ақлу заковат ва яна қанчадан-қанча инсоний фазилатлар бўлмоғи эса ёлғиз Яратганга аён. Зеро, бундай бебаҳо хислатлар кимда бўлади?
Отада! Меҳрибон ва жонкуяр отада.
Миллат отасида!
Афсуски, одам боласи яхшиликни тез эсдан чиқаради. Ютуқлардан суюниш ўрнига, арзимас нарсалардан кир излайдилар. “Қилдан қийиқ ахтарувчи”ларга инсоф ва диёнат тилаган ҳолда баралла овозда:
– Ўн йилда юз йиллик ютуқларга эришган Ўзбекистоннинг ҳар гўшаси ҳали афсонавий боғларга айланади. Бунинг учун ким эканимизни, ўзимизни, ўзлигимизни янада теран англамоғимиз лозим, – дегинг келади.
Алқисса, Қудратилла Рафиқовнинг эссе-достонидан олган илк таассуротларимни, миллатимиз Отаси: “биз ўз меҳнатимиз, ақлу идрокимиз билан ҳаммани тан олишга мажбур қиламиз!” дея қайта-қайта такрорлаган даъвати асосида ёзилган шеърий сатрлар билан якунламоқчиман:
МАЖБУР ҚИЛАМИЗ!
Биз учун куйганни, куймаганни ҳам,
Меҳримиз туйганни, туймаганни ҳам,
Бизларни суйганни, суймаганни ҳам,
Юрак қўримиздан масрур қиламиз –
Бизни тан олишга мажбур қиламиз!
.
Лекин пашшага ҳам бўлмагаймиз ғов,
Бегона боғларда қилмагаймиз ов,
Фақир бўлса ҳамки, бўлса ҳамки ёв,
Маҳваш боғимизга манзур қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз!
.
Жаҳонни ўзига қаратган халқмиз,
Оламда шарафлар таратган халқмиз,
Иккита Ренессанс яратган халқмиз,
Ватанни ойдан-да машҳур қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз.
.
Биз кўрган, кўрмаган томонлар ҳаққи,
Тўзонли, тўфонли замонлар ҳаққи,
Жаҳонгир Туркистон, Туронлар ҳаққи,
Миллат кўкрагини мағрур қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз.
.
Тўғри, тинч бўлмади доим йўлимиз,
Туманли бўлди гоҳ ўнгу сўлимиз,
Ҳеч кимдан паст эмас аммо қўлимиз,
Дилларни, дилларга махмур қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз!
.
Бугун уйғонмоқда қадимий бўстон:
Янги Ўзбекистон – қудратли туғён -
Қудратли ҳар кўнгил, ҳар дил бир достон,
Туркистон уйғонди, уйғонди Турон,
Замину замонни мамнун қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз.
.
Дарёдил, шерюрак Юртбоши билан,
Ўзбекнинг меҳрибон қуёши билан,
Қурдоши, қўлдоши, йўлдоши билан,
Жумлаи жаҳонни мафтун қиламиз,
Бизни тан олишга мажбур қиламиз!
Абдусаид КЎЧИМОВ,
сенатор